Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ иштирокида тузилган C5+1 формати доирасида ўтказилаётган навбатдаги саммит стратегик ҳамкорликнинг асосий йўналишларига бағишланади.

ЎзА мухбири мазкур тарихий анжуман олдидан Марказий Осиё ва АҚШ муносабати, шерикликнинг ҳозирги босқичи ва истиқболи хусусида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назировнинг фикрларини ёзиб олди.
– Маълумотларга қараганда, анжуман асосий мавзуси муҳим минерал ресурслар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш. Зеро, Марказий Осиё АҚШ миллий хавфсизлиги ва энергия секторидаги “яшил” ўтиш жараёни учун зарур стратегик материалларга бой минтақа ҳисобланади.
Маълумки, Ўзбекистонда вольфрам, литий, германий каби 14 турдаги ноёб унсурлар конларини аниқлагани ҳақида эълон қилган. Қозоғистон дунё миқёсида ишлаб чиқарилаётган ураннинг 39 фоизини таъминламоқда. Тожикистон эса дунё бўйича сурма ишлаб чиқаришда 15 фоиз миқдор билан иккинчи ўринни эгаллаган.
2024 йил февраль ойида АҚШ C5+1 “Critical Minerals Dialogue” ташаббусини илгари сурди. Ушбу механизм орқали геологик қидирувни кучайтириш, минералларни қазиб олиш ва қайта ишлашга инвестиция жалб қилиш ҳамда Марказий Осиё ресурсларини Хитой ва Россиядан мустақил глобал таъминот занжирига уйғунлаштиришни мақсад қилинган. Демак, саммит соғида аниқ инвестиция лойиҳалари ва минерал таъминот занжирини вертикал интеграция қилиш масаласи муҳокама қилиниши мумкин.

Энергетика хавфсизлиги ҳам муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган лойиҳаларни ривожлантириш ва барқарор энергетик ўтишни таъминлаш устида ишламоқда. Вашингтон ушбу йўналишдаги савдо ва инвестиция учун қулай муҳит яратиш ҳамда энергия ресурсларини экспорт қилиш мақсадида транспорт инфратузилмасини янгилашни қўллаб-қувватлаш ниятида.
Қайд этиш жоиз, яқинда АҚШнинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилганди. Шу нуқтаи назардан саммит давомида иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган икки ва кўп томонлама битимлар имзоланиши кутиляпти.
Шунингдек, Вашингтон Россияни четлаб ўтувчи, Хитойни Европа билан Марказий Осиё, Каспий денгизи, Озарбайжон ва Грузия орқали боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўлагини яратиш ғоясини фаол қўллаб-қувватламоқда. Бу йўл минтақанинг инфратузилма ва логистика жиҳатидан аҳамиятини янада оширади.
Терроризмга қарши кураш ва чегара хавфсизлигини таъминлаш каби анъанавий хавфсизлик билан боғлиқ мавзулар ҳам кун тартибидан жой олса, ажабмас. Бу масалалар 2023 йилги саммитда ҳам муҳокама қилинган. Афғонистондаги вазият муҳокамаси эҳтимоли ҳам юқори.
Саммитда C5+1 платформасини Озарбайжонни жалб этган ҳолда кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилиши кутиляпти. Бу мамлакат минтақавий боғланиш тизимида, айниқса, “Ўрта йўлак” (Middle Corridor) орқали муҳим боғловчи бўғин сифатида кўрилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, Трамп маъмуриятининг Марказий Осиёга эътибори сўнгги пайт мисли кўрилмаган даражада ортди. Мутахассислар фикрича, айни ҳолат Марказий Осиёнинг АҚШ учун стратегик аҳамияти ошиб бораётгани, хусусан Хитой ва Россия билан рақобат шароитида минтақа янги геосиёсий устувор йўналишга айланганини кўрсатади.
Ў.Алимов тайёрлади.
ЎзА