Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров UL Standards & Engagement (ULSE) ташкилоти вице-президенти Sonya Bird билан учрашув ўтказди.
Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Музокаралар давомида стандартлаштириш, синов ва сертификатлаштириш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, амалий йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар изчил ривожланаётганини, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда қўшма инвестиция лойиҳалари кўлами кенгаяётганини қайд этди.

АҚШ бозорига чиқишда UL Standards & Engagement стандартлари ҳамда UL Solutions томонидан тақдим этиладиган синов баённомалари ва сертификатлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари, кабель, алюминий композит панеллари, базальт, антифриз, ҳаво фильтрлари, AUS32 туридаги маҳсулотлар, юқори кучланишли линия симлари ва витринали совутгичлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мазкур йўналишга қизиқиш ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш, стандартлаштириш, синов ва сертификатлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокаманинг муҳим қисми бўлди.
Учрашув якунида саноат маҳсулотлари стандартлари, синов ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорлик дастурини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
ЎзА