Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вашингтон ва Тайвань – яқин ҳамкорлар
14:18 / 2026-01-28

Америка Қўшма Штатлари ва Тайвань ўртасида сунъий интеллект, юқори технологиялар ва дронлар масаласида юқори даражали музокара бўлиб ўтди. Давлат департаменти мазкур учрашувдан сўнг Тайванни “амалий жиҳатдан муҳим ҳамкоримиз” деб атади.

Тадбир Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида йўлга қўйилган АҚШ – Тайвань Иқтисодий фаровонлик ҳамкорлиги мулоқоти доирасида ташкил қилинди.

Гарчи томонлар ўртасида расмий дипломатик алоқа ўрнатилмаган эса-да, Вашингтон Тайваннинг энг муҳим халқаро таянчи, асосий қурол етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда. Музокаранинг навбатдаги – олтинчи босқичида Америка номидан иқтисодий масалалар бўйича масъул юқори лавозимли амалдор, Тайвань томонидан эса иқтисодиёт вазири иштирок этди. Якунда сунъий интеллект ва ярим ўтказгичлар таъминот занжири ҳимоясига қаратилган декларацияни қўллаб-қувватлайдиган баёнот имзоланди.

Мулозимлар етказиб бериш занжири хавфсизлиги, дрон учун эҳтиёт қисмлар сертификацияси, муҳим минераллар бўйича ҳамкорлик мавзуларини ҳам кўтаришди.

АҚШ Тайваннинг илғор ишлаб чиқариш салоҳияти сунъий интеллект инқилобини тезлаштиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, икки томон учинчи давлатларда ҳамкорлик қилиш ва иқтисодий босимларга бирга жавоб бериш заруратига тўхталди.

Тайвань бўғози тинчлиги ва барқарорлиги нафақат минтақа, балки бутун дунё иқтисодий хавфсизлиги учун муҳимлигини қайд этилди. Кун тартибидан сув ости алоқа сими хавфсизлиги, паст орбитадаги сунъий йўлдош ва юқори технологиялар йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам ўрин олди.

Мусулмон Зиё, ЎзА