-
Вашингтон шаҳрида “Марказий Осиё – АҚШ” иккинчи саммити ўтказилиши минтақа давлатлари ва Қўшма Штатлар ўртасидаги стратегик мулоқотни мустаҳкамловчи муҳим воқеа экани шубҳасиз. Глобал фуқаролик ва сиёсий стратегиялар маркази (Center for Global Civic and Political Strategies) президенти Нурул Раҳимбек Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га берган интервьюсида таъкидлашича, океан орти сиёсий ва эксперт доираларида минтақамизга қизиқиш йил сайин ортмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланишнинг янги йўналишлари
Мутахассис қайд қилишича, саммит АҚШ глобал сиёсатида Марказий Осиёнинг мавқеи тобора ошаётганини кўрсатади.
– Ҳатто, “Caspian Policy Center” сингари таҳлил марказлари ва экспертлар ҳамжамияти ушбу мавзуни фаол муҳокама қилаётгани ҳам минтақанинг Қўшма Штатлар стратегиясида тобора кучли эътибор қозонаётганидан далолат, – дейди таҳлилчи. – Айни пайт муҳокама марказида иқтисодий, айниқса энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари турибди. Бу ерда гап муҳим ресурслар – нефть, газ, минерал захира ҳақида кетмоқда. Бу Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари интилаётган иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш стратегиясига тўлиқ мос келади.
Хавфсизлик, технология ва инсон капитали
Раҳимбек таъкидлашича, шериклик доирасида минтақавий хавфсизлик ва рақамли тараққиёт масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
– Марказий Осиё мамлакатлари нафақат халқаро ҳамкорлик, балки ички алоқаларни ҳам мустаҳкамлаши жуда муҳим, – дея фикрини давом эттирди таҳлилчи. – Бу мустақил қарор қабул қилиш учун замин яратади, иқтисодиётлар барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Эксперт умумий саъй-ҳаракатларнинг салмоқли қисмитехнологик ривожланиш ва таълим соҳасига йўналтирилишини ҳам таъкидлади:
– Америка инновация борасида жаҳон етакчиси бўлиб қолмоқда. Билим алмашиш, мутахассис тайёрлаш, рақамли технологияни ривожлантириш – буларнинг бари минтақа учун янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистон – Марказий Осиёни жипслаштираётган локомотив
– Ўзбекистон – улкан бозор, тез суръат билан ривожланаётган иқтисодиёт, кучли инсон салоҳиятига эга давлат, – дейди Марказ раҳбари мамлакатимизнинг минтақани бирлаштириш жараёнидаги ўрни ҳақидаги саволга жавоб бераркан. – Айтиш мумкинки, бугун Тошкент минтақавий ҳамкорликнинг ўзига хос ҳаракатлантирувчи кучига айланган.
Нурул Раҳимбек 2017 йил Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашув учрашувларини ўтказиш ғоясини илгари сурганини эслаб, бу ғоя ишонч ва ўзаро тушунишнинг янги босқичига асос бўлганига эътибор қаратди:
– Президент Мирзиёев БМТ сессияси доирасида самимий кутиб олинди. Бу Ўзбекистоннинг юксак халқаро нуфузини кўрсатади. Унинг Дональд Трамп билан учрашуви АҚШнинг мамлакатга ва умуман минтақага қизиқиши ортиб бораётгани рамзига айланди.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва АҚШ билан стратегик шериклик
Таҳлилчи фикрича, республикамиздаги ислоҳотлар суръати юқори баҳога лойиқ.
– Ислоҳотлар тез ва изчил амалга оширилмоқда, – дея хулоса қилди эксперт. – Таъкидлаш жоиз, бир пайтлар одамларни ташвишга солган масалалар, масалан меҳнат ҳуқуқи ёки пахта соҳаси Президентимиз ташаббуси билан муваффақиятли ҳал этилди. Натижада мамлакатга нисбатан ишонч мустаҳкамланди, АҚШ билан стратегик ҳамкорликка йўл очилди. Бугунги кунда мутахассислар алмашинуви ва илмий ҳамкорликдан тортиб, энергетика, транспорт ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширишгача кенг имкониятлар яратилган. Ўзбекистон эса айни жараёнда етакчи ўрин эгаллаб, Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг ғарбий йўналишини мустаҳкамлашда асосий бўғинга айланишга қодир.
Абдуазиз Хидиров тайёрлади. ЎзА