Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Варзоб” дарёси Сурхондарёда сув танқислигини юмшатади
12:54 / 2021-05-19

Қўшни Тожикистон Республикаси билан ўзаро дўстлик, азалий ҳамкорлик алоқаларимизнинг тобора юксалиб бораётгани мамлакатларимизни ҳар тарафлама ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунларидаги Тожикистон Республикасига илк ташрифи давлатларимизнинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлади. Чегаралар очилиб, яқин қўшниларимиз билан борди-келди алоқалари янги босқичда йўлга қўйилди.

Ўзбек ва тожик халқлари азалдан бир-бири билан нафақат яқин қўшни балки, қуда-анда бўлиб яшаб келган. Ҳар томонлама бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Буни кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида сув танқислигини юмшатиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Гап шундаки, воҳанинг экин майдонларига “Варзоб” дарёсидан кафолатли сув оладиган “Катта Ҳисор” канали мустақиллик йилларида тўла қувват билан фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Давлатимиз раҳбарининг Тожикистон Республикасига илк ташрифи чоғида жанубдаги вилоятда сув танқислигини юмшатиш, экин майдонларига оби-ҳаёт етказиб бериш масаласи ечимида ҳам муҳим келишувга эришилди. Шунга мувофиқ, “Катта Ҳисор” канали қайта реконструкция қилиниб, тозаланди. Сув ўтказиш ҳажми оширилди. “Қоратоғ” дарёси қирғоғида 114 метрли замонавий гидротехник иншоот барпо этилди.  

Қисқа вақтда амалга оширилаётган бу ишлар вилоятдаги 65 минг 760 гектар экин майдонини қўшимча сув билан таъминлаш имконини бераётир. Жумладан, ўтган тўрт йилда “Варзоб” дарёсидан сув олувчи “Катта Ҳисор” каналининг 50,8 километр қисмида 530 минг м3 тупроқ, 600 м3 бетон, 2,7 минг м3 тош ишлари бажарилган бўлса, сув танқислиги кузатилаётган жорий йилда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Катта Ҳисор” каналининг қолган 13,3 километр қисмини реконструкция қилиш учун 4,2 миллиард сўм маблағ ажратди. Уни тозалашга 10 та экскаватор, 3 та юк ташувчи техника жалб этилди. Натижада 140 минг м3 тупроқ, 2,7 минг м3 тош ҳамда 510 м3 бетон ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда 12 дона редуктор ва венть-подёмниклар янгисига алмаштирилиб, Сурхондарё вилоятидаги “Қоратоғ” дарёсига сув ташлаш гидротехник иншоотининг сув ўтказиш қуввати 45 м3/секундга етказилди.

Бундай йирик ишлар самарасида “Варзоб” дарёси сувининг бир қисми “Катта Ҳисор” канали орқали “Қоратоғ” дарёсига ташланди. Айни пайтда ён қўшни мамлакатдан келаётган оби-ҳаёт воҳанинг экин майдонларига қўшимча сув захирасини яратиш учун “Жанубий Сурхон” сув омборига қуйилмоқда. Қўшни давлатдан келаётган сув вилоятда сифатли ва мўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш баробарида йирик ҳажмдаги электр энергияси ва маблағни тежаб қолишда ҳам ўз аксини топа бошлади.

Маълумотларга кўра, 2019 йили “Катта Ҳисор” канали орқали келтирилган оби-ҳаёт эвазига Амударёдан сув олувчи “Амузанг-1”, “Амузанг-2” насос станцияларидаги бир дона насос станциясини ишлатмаслик натижасида 157 миллион киловатт яъни, 71 миллиард сўмлик электр энергияси тежалди. Ўтган йили 81 миллион киловатт ёки 36 миллиард сўмлик электр энергияси иқтисод қилинди.

– Бу борадаги ишлар тўлиқ якунланиб, барча гидроиншоотлар тўла қувват билан ишлай бошлагач, суғориш мавсумида яқин қўшни давлат ҳудудидан 200 миллион куб-метр кафолатли оби-ҳаёт олинади, – дейди “Аму Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Мингқобилов. – Бу вилоятнинг Узун туманида 5 минг 593 гектар, Шўрчи туманида 4 минг 760, Қумқўрғонда 2 минг 657, Жарқўрғонда 6 минг 650, Қизириқда 19 минг, Бандихон туманида 5 минг 500 ва Шерободда 21 минг 600 гектар ер майдонини қўшимча сув билан таъминлайди. Буларнинг барчаси кейинги йилларда давлатларимиз ўртасида йўлга қўйилган янги босқичдаги азалий дўстлик алоқаларимизнинг амалдаги самарасидир.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири