Польша Республикаси пойтахти Варшава шаҳрида бўлиб ўтаётган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги ҳолатини муҳокама қилишга бағишланган халқаро конференциясида Навоий вилояти “Ноила” ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг маркази раҳбари Мансуржон Ҳамидов ҳам иштирок этмоқда.

Унда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олишда вилоятда яратилаётган “Навоий тажрибаси” тақдимоти ўтказилди.
– “Навоий тажрибаси” шундан иборатки, вилоятимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва маиший коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик назорати ролини кенгайтириш, хусусан, маҳаллий давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ролини оширишдан иборат, – дейди М.Ҳамидов. – Марказимиз 2022 йилдан бошлаб айнан мазкур йўналишда фаолият олиб бормоқда. Бутун дунёда ижтимоий аудит деган тушунча бор. Бу тушунча аслида жамоатчилик назоратини энг такомиллашган юқори нуқтаси. Давлат ресурслари, бюджет маблағларининг манзилли ва самарали сарфланиши, аниқ мақсадга йўналтирилишини ўрганиб бориш ва мана шу амалиётга ўтиш учун ижтимоий шерикчилик ва жамоатчилик назорати жудаям муҳим ҳисобланади. “Навоий тажрибаси” асосида нодавлат тузилмалар фаолиятига маҳаллий давлат органларини ишонтириш, улар билан ижтимоий шерикчиликни йўлга қўйишдир.

Ушбу конференция ЕХҲТ доирасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар соҳасида иштирокчи давлатларнинг мажбуриятларини бажариш ҳолатини баҳолаш мақсадида ўтказилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири