Андижон шаҳрида “Вариатив таълим – индивидуал имкониятларни кенгайтиришнинг самарали йўли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўқитиш сифатини янада ошириш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Жалақудуқ туманидаги 25-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда вилоятда вариатив ўқув дастури асосида таълим берилаётган 42 та мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда етакчи ўқитувчилар иштирок этди.


Семинар давомида вариатив таълимни жорий этиш тажрибаси, ўқув жараёнида индивидуал ёндашувни қўллаш, ўқувчилар қобилиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, очиқ машғулотлар ва амалий тажрибалар тақдим этилди.
– Вариатив ўқув дастурини жорий этишдан мақсад, ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратишдан иборат, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Исмоил Мирзаев. – Қолаверса, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юрти кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришига кўмаклашиш, юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишга қаратилган.


Семинарда вилоят умумтаълим мактабларида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, уларни самарали ташкил этиш тажрибаси, эришилаётган натижалар ҳамда мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбир давомида ўқув жараёни билан танишилди, мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Иштирокчиларга назарий билимларни амалиётга татбиқ этиш, дарсларда инновацион педагогик услублардан самарали фойдаланиш, таълим сифатини ошириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари