Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Варганзада анор пишди
00:21 / 2022-10-09

Варганза анорлари ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Биргина анор меваси туфайли Қашқадарё вилояти Китоб туманининг тоғ бағрида жойлашган ушбу кичкинагина қишлоқнинг довруғи бутун дунёга машҳур бўлди. Албатта бу қишлоқ боғбонларининг машаққатли меҳнати самарасидир.

Айни пайтда Варганзада кимнинг хонадонига борманг анор йиғим теримининг гувоҳи бўласиз. Ёз бўйи қилинган меҳнат натижаси омборларга йиғилаётган анор меваларининг кўплигига қараб билинади. Анор кўплигидан қишлоқ хотин-қизлари ҳар куни ҳашарга боришади. Ҳам иш, ҳам даромад топаётган ҳашарчи аёллар билан суҳбатлашиб, қишлоқнинг асосий даромад манбаи анорчилик эканлигини англайсиз.

Варганзаликлар анорчиликда ўзига хос мактаб яратган. Йилдан-йилга анорзорларни кенгайтириш учун астойдил ҳаракат қилишади. Қувонарлиси, бугун Варганза анорлари нафақат юртимиз бозорларида балки, қўшни давлатларга ҳам экспорт қилиниб, бу борадаги рақамлар тобора ортиб бормоқда.

– Қишлоғимиз одамлари тадбиркор. Ҳар бир хонадонда анор бор. Фермер хўжаликлари ҳам анорчилик билан шуғулланади. Ҳосилдорлик яхши. Шунинг ортидан фарзандларни ўқитамиз. Тўй-марака қиламиз. Яшашимиз ёмон эмас, – дейди меҳнат фахрийси Зиёдулла Мирзаев. –  Мана бугунги кунда тегишли қарор билан “Оқбой”, “Варганза-1”, “Варганза-2” насос станциялари реконструкция қилиниб, 3650 метр масофага тоғ бағрига 320 диаметрли қувурларда сув олиб борилди. Мақсад сувли ерларни кўпайтириб, аҳолига 25 сотихдан ер ажратилган ҳолда анорчиликни янада ривожлантириш. Албатта бу халқимизнинг манфаатдорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ҳудудда анорнинг Бедона, Улфи, Туятиш каби навларини парваришлаётган фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ерларида 1000 гектардан ортиқ анорзор мавжуд бўлиб, йилига 5-6 минг тонна ҳосил йиғиштириб олинади. Ҳар йили 2-2,5 минг тоннага яқин анор экспортга йўналтирилади. Албатта, экспортга йўналтирилгаётган ҳосилни сифати ва харидорлигини таъминлашда турли зараркунандаларга қарши курашиш, ўз вақтида биологик ишлов олиб бориш ҳам муҳим роль ўйнайди, дейишди ҳудудда боғбонларга бу борада тушунтириш ишларини олиб бораётган мутахассислар.

– Сўнгги йилларда дунё бозорида Қашкадарё иқлим шароитида етиштирилган анор меваларига  талаб ошмоқда, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Китоб тумани бўлими бошлиғи Шуҳрат Ҳошимов. – Хусусан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва бир қатор Европа давлатларида юртимизда етиштирилаётган анор меваларига  эҳтиёж катта.  Бироқ  “Анор мевахўри” ва “Комсток  қурти” каби зараркунанда ҳашоратлар анор мевасига  жиддий зарар етказади  ва экспорт жараёнига ҳам салбий таъсир ўтказади. Шу боис анорчи боғбонларга ушбу зараркунандаларга қарши курашиш усуллари, биологик перепаратлар ҳақида тушунчалар бериб бормоқдамиз.

Варганзадан қайтарканмиз, туман марказига яқин қишлоқларда яшовчи аҳоли томорқаларида ҳам бугун анорчилик кенг йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик. 12 сотих томорқасининг бир қисмига 60 туп анор парваришлаб келаётган Исомиддин бобонинг айтишича, бу йил 1 тоннадан ортиқ анорни хорижга экспорт қилмоқчи.

– Анорчилик бизга отамерос, – дейди Исомиддин Собиров. – Ёз бўйи томорқада оилавий меҳнат қиламиз. Остини юмшатамиз, пори соламиз, суғорамиз. Ширага қарши дорилаймиз. Тирикчилик шундан. Харидорларни ўзи уйимиздан олиб кетишади. Даромади ҳам ёмон эмас.

Бир сўз билан айтганда анорчиликни ҳадисини олган китобликларнинг бу йилги ҳосилдан умиди катта. Бинобарин, меҳнатнинг самараси ҳам ундан келаётган даромадга боғлиқ. Даромад бор жойда меҳнатга муносабат ҳам албатта бошқача бўлади.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА