Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Валюта қимматликлари ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди
14:08 / 2023-05-04

Валюта қимматликларини банклар орқали айирбошлаш бўйича зарур шароитлар яратилган. Аммо ноқонуний валюта савдоси ҳамон учраб турибди.

Валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган А.Н. жами 4 минг АҚШ долларини фуқаро М.А.га 45,6 миллион сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.  

Бу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фош этилди.    

Департаментнинг Марҳамат тумани бўлими томонидан ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган И.М. жами 3,5 минг АҚШ долларини фуқаро Д.А.га 40 миллион сўмга сотган вақтида ушланган. Унинг ёнидан 5,2 минг АҚШ доллари, 4 минг Россия рубли ва 2 минг 250 қирғиз соми ашёвий далил сифатида олинган.  

Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ғ.Н. 3,5 минг АҚШ долларини фуқаро Г.М.га 40 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.  

Департамент матбуот хизматидан хабар беришларича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА