English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Валюта қимматликлари ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди
16:55 / 2023-04-19

Валюта қимматликлари фақат банклар орқали айирбошланиши керак. Аммо айримлар ҳамон валюта билан боғлиқ тартибга риоя қилмай, қонунбузарликка йўл қўймоқда.

Жиноят кодексининг 177-моддасига кўра, фуқароларнинг қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиши ёки ўтказиши шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Бундай қилмишлар такрорийлиги, кўлами кенгайиб борса, жазо ҳам оғирлашиб боради. Ҳатто етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.  

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.С. (муқаддам ЖКнинг 177-моддаси билан судланган) валюта қимматликларини айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келган. У фуқаро А.А.га 35 минг 750 АҚШ долларини 409 миллион сўмга сотган вақтида ушланди.  

Тадбир якунида ундан 174 миллион сўм, 6 минг 302 АҚШ доллари, 521,5 минг Россия рубли, 270 евро, 12 минг Қозоқ тенгеси ва 25 дирҳам ашёвий далил сифатида олинган.  

Жиноят кодексининг 177-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.  

Эслатиб ўтамиз, бундай жиноятга тайёргарлик кўрилаётгани ёки содир этилаётгани ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.  

Н.Абдураимова, ЎзА