Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Валюта билан боғлиқ муносабатларда янги меъёрлар жорий этилди
17:35 / 2019-10-24

Жисмоний шахслар чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириши чекловларсиз амалга оширилади.


Жисмоний шахслар чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириши чекловларсиз амалга оширилади. Валютани олиб чиқиш эса юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада бўлиши керак. Бу амалиётлар юридик шахслар томонидан амалга оширилиши эса тақиқланади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли тартибига мувофиқ амалга оширилади.

2019 йил 23 октябрда кучга кирган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида бу қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонун Ўзбекистон Республикасининг валютага оид ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Валюта операцияларини ва валюта назоратини амалга ошириш шулар жумласидан.

Валютани тартибга солувчи давлат органи – Марказий банк ҳисобланади. Марказий банк ўз ваколатлари доирасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини белгилайди. Валюта биржалари фаолиятини лицензиялайди ва тартибга солади. Банклар учун очиқ валюта позициясининг лимитларини белгилайди. Умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ, валюта операцияларининг ва ташқи секторнинг статистикасини тайёрлайди ҳамда эълон қилади.

Шунингдек, резидентлар ва норезидентлар томонидан амалга ошириладиган валюта операцияларини мониторинг қилиш тартибини белгилайди, шу жумладан, валютани назорат қилувчи органлар билан биргаликда белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси банклари учун валюта операциялари ҳисоби ва ҳисоботи шаклларини ҳамда уларни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди. Ташқи сектор статистикасини тузиш учун барча резидентлар ва норезидентлар томонидан тақдим этилиши мажбурий бўлган валюта операцияларининг ҳисоби ва ҳисоботи шаклларини юритади.

Ўзбекистон Республикаси банкларининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этишга доир фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширади.

Марказий банк Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида валюта операцияларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, қонунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш белгиланиб, бу фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилиши баён этилган.

Қонунда валюта операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси банкларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.

Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасида валюта назорати органлари ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонун мамлакатимизда валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлигини таъминлайди. Резидентлар ва норезидентлар амалга оширадиган валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик, валютани тартибга солиш ва назорат қилиш тизимининг бирлигига шароит яратади. Миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда бозор механизмларига асосланиш каби иқтисодиётдаги долзарб масалалар ечимига йўл очади.

Мухамет ЖУМАГАЛДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.