Вакцина яратилгунча коронавирусни қандай енгиш мумкин?
Хитойнинг Ухань шаҳрида эса COVID-19 эпидемияси даврида жуда кескин чоралар кўрилди ва муайян муддатда янги зарарланиш ҳолатларини қисқартиришга муваффақ бўлинди.
“Кишиларни коронавирус тарқалишининг кўлами, ушбу касаллик ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатардан батафсил хабардор қилиб бориш, шунингдек оммавий равишда ўз-ўзини ихоталаш эпидемияни тўхтатиш имконини беради”. Бу фикрни таниқли врач-эпидемиолог Михаил Фаворов “Вечерняя Москва“ нашрига берган интервьюсида билдирган.
Унинг таъкидлашича, 2002 йилда нотипик пневмония (SARS)ва 2013 йилда Яқин Шарқ респиратор синдроми юзага чиққан даврда ҳам ҳукуматларнинг кейинчалик салбий оқибатларга олиб келган асосий хатоси аҳоли касаллик жуда тез тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирилмагани ва карантин ҳолатига риоя қилиш талаб этилмаганида бўлган.
Хитойнинг Ухань шаҳрида эса COVID-19 эпидемияси даврида жуда кескин чоралар кўрилди ва муайян муддатда янги зарарланиш ҳолатларини қисқартиришга муваффақ бўлинди.
“11 миллион аҳолиси бор шаҳар деярли “музлади”. Уханда карантин эълон қилинди, ўта кучли назорат ўрнатилди, фавқулодда чоралар кўрилди. Белгиланган қоидаларни бузганларга нисбатан жиноий жазо қўлланила бошланди. Жиноий жавобгарлик эса қандайдир икки-уч йилни эмас, балки 10 йилдан бошлаб умрбод қамоқ жазосини назарда тутарди“, — дейди эпидемиолог.
Фаворов ҳам аксарият мутахассислар каби вируснинг янги ўчоқлари пайдо бўлмаслиги учун одамлар уйларида қолишлари шарт эканини айтган.
“Бундай хавфли хасталикларга бефарқ муносабатда бўлиш, барибир ўз асоратини кўрсатади. Ўнг минглаб фуқаролари ҳалок бўлаётган Италия бунга яққол мисол. Бу мамлакат тарихида COVID-19 билан боғлиқ воқеалар миллий фожиа сифатида қолади, — дея қўшимча қилган шифокор.
Унинг фикрича, оммавий тарзда ўз-ўзини ҳимоялаш қоидаларига риоя қилиш эпидемияни COVID-19 вакцинаси кашф этилишидан олдинроқ чекинишга мажбур қилиш мумкин.
Ёдингизда бўлса, таниқли халқаро эксперт-эпидемиолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов жорий йилнинг 10-11 март кунлари Ўзбекистонда бўлиб юқумли касалликлар, хусусан коронавируснинг олдини олиш бўйича маҳорат дарслари, илмий-амалий семинар машғулотларини ўтказган эди.