Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ваколатли иқтисодий операторларга берилаётган имкониятлар кенгаймоқда
14:11 / 2025-08-27

Жорий йил 20 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Ушбу очиқ мулоқотда белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижроси доирасида Божхона қўмитасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга ҳамда мазкур мақомни қўлга киритиш истагидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан кенгайтирилган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Видеоконференция тарзида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар бевосита асосий залдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги тадбиркорлар эса онлайн тарзда иштирок этди. Давра суҳбатида умумий ҳисобда 300 нафардан зиёдтадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди.

Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Пардаевнинг таъкидлашича, ҳозирда республикамизда ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритган 82 та ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси мавжуд.

—Жорий йилнинг ўзида уларнинг 14,7 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари устувор ва соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, — дейди Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳамедов. — Ваколатли иқтисодий операторларга йил бошидан буён 600 миллиард сўмдан зиёд божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилди. Шунингдек, ушбу мақомни қўлга киритган тадбиркорларнинг 61 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги товарларини тўғридан-тўғри ўз омборларига тушириш имконияти тақдим этилди.

Йиғилишда мазкур мақомни қўлга киритиш тадбиркорларга қандай имконият ва енгилликларни тақдим этиши ҳақида батафсил ахборот берилди. Ваколатли иқтисодий операторларнинг товарларини расмийлаштиришда Хавфни бошқариш тизимида белгиланган энг кам божхона назорати шакллари қўлланилади. Улар божхона тўлови таъминотисиз товарларни ташиш, ўз омборига жойлаштириш, тўловларни 60 кунгача кечиктириб ёки бўлиб тўлаш, товарларни декларация тақдим этилгунга қадар чиқариш имкониятига эга бўлишмоқда.

Давра суҳбатида ушбу эксклюзив ҳуқуқлардан фойдаланиш учун тадбиркорлар ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритишга ҳаракат қилишлари юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Тадбирда Президентимизнинг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва Ҳукуматнинг жорий йил 22 августдаги қарори билан тасдиқланган “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими тўғрисида”ги Низомнинг мазмун-моҳияти ҳам батафсил тушунтириб берилди.

Ушбу қарор билан божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш тақиқланган товарлар рўйхати (транзит олиб ўтилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган товарлар, уран ва бошқа радиоактив моддалар, каолин ва кварц қуми) ҳам тасдиқланди.

Янги низомга кўра, олиб келинадиган чет эл товарларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш объектига олиб кетишга рухсат берилди.  

Ш.Маматуропова,

ЎзА