Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ваколатли иқтисодий оператор мақоми берилди
19:12 / 2026-02-26

Сирдарё вилоятидаги “Янгийўл омухта ем экспорт” МЧЖ корхонасига тантанали равишда Ваколатли иқтисодий оператор (VIO) мақоми топширилди. Ушбу мақом корхонанинг ҳалол ва шаффоф фаолияти эътироф этилиши ҳамда халқаро савдода ишончли ҳамкор сифатида тан олинишига замин яратади.

Корхона 2025 йил давомида умумий қиймати 51,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 201 730 тонна товар импорт қилди. Шу билан бирга, экспорт йўналишида қарийб 14 миллион АҚШ доллари қийматидаги, вазни 283 тоннага тенг маҳсулот хорижий давлатларга етказиб берилди. Бу эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг ошишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Нодиржон Салимжонов корхонага ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт салоҳияти ва ривожланиш режалари билан яқиндан танишди. Ташриф давомида корхона раҳбарлиги билан мулоқот олиб борилди ва унга VIO  мақоми ҳақидаги гувоҳнома тантанали равишда топширилди.

[gallery-27883]

Мулоқот давомида Божхона бошқармаси бошлиғи ҳалол ва масъулиятли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда халқаро савдо жараёнларига кенг интеграциялашувини таъминлаш мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, корхона ва божхона органлари ўртасидаги ҳамкорлик экспорт ҳажмини кенгайтириш ва янги хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини яратишда ҳам самарали бўлиши қайд этилди.

Энг муҳими, ушбу ваколатли иқтисодий оператор мақоми корхонанинг логистика ва божхона расмийлаштируви билан боғлиқ харажатларини камайтириш, экспорт-импорт операцияларини самарали ташкил этиш ҳамда халқаро стандартларга мос равишда фаолият юритиш имкониятини беради.

Таъкидлаш жоизки, VIO мақоми нафақат корхоналарнинг халқаро савдода обрўсини оширади, балки барқарор ва шаффоф тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, иқтисодиётга юқори қўшимча қиймат қўшишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ғулом Примов, Достон Қаландаров (сурат), ЎзА