Таъкидлаш лозим, сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари натижадорлигини таъминлаш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини кучайтириш мақсадида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Илгари маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари сони 20 тага ҳам етмаган бўлса, бугун улар 150 тадан ошди. Депутатлар авваллари фақат ҳокимнинг йиллик ҳисоботини эшитган бўлса, ҳозирда маҳаллий даражадаги 60 дан ортиқ органнинг ҳисобот ва ахборотини тинглаяпти. Маҳаллий Кенгашлар фаолиятга оид 700 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қайта кўриб чиқилиб, 300 дан ортиқ функцияларни мақбуллаштириш чоралари кўрилди.
Узоқ кутилган ўзгариш – янги таҳрирдаги Конституцияда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ҳокимлар эмас, депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилинишининг белгиланиши бу борадаги энг муҳим сиёсий ўзгариш бўлди. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Демократик тараққиёт сари ташланган муҳим қадам сифатида баҳоланаётган ушбу ўзгариш маҳаллий вакиллик органлари халқ номидан муҳим қарорларни мустақил қабул қилишга, ҳокимликлар фаолияти устидан назоратни янада кучайтиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлди. Яъни, энди кенгашлар фаолияти авваламбор, маҳаллий аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилишга, ҳокимнинг фаолияти эса мазкур қарорлар ижросига қаратилади.
Кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий депутатларга ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиш шартлиги бўйича ҳам қонуний асос яратилди. Шунингдек, “Кенгаш сўрови” ва “Кенгаш текшируви” каби янги механизмлар жорий қилиндики, бу ҳам ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Бу каби сиёсий ислоҳотлар мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради. Маҳаллий кенгаш депутатларининг том маънода “халқ вакиллари” бўлишини таъминлайди. Энг асосийси, “Кучли кенгаш – ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосидаги амалий ишларни кучайтиради. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида эса шубҳасиз “Халқни рози қилиш, оғирини енгил қилиш”дек эзгу ғоя мужассам.
Яқинда маҳаллий кенгашлар фаолияти билан боғлиқ яна бир муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мақсад: вакиллик органлари роли ва фуқароларнинг маҳаллий бошқарувдаги иштирокини янада кучайтириш, ижро ҳокимиятининг ҳисобдорлигини ошириш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштириш, маҳаллий вакиллик органлари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ва ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ташаббускорлигини ошириш мақсадида яна бир қатор ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилмоқда. Ҳужжатда Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги ёшлар парламентлари тажрибасидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар қошида ҳам жамоатчилик асосида Ёшлар гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди. Бу ташаббус маҳаллий кенгаш депутатларининг янги авлодини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар ҳузурида Маслаҳат гуруҳлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институти ташкил этилади.
Фармонда ҳоким ўринбосарлигига номзодларни тегишли маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида дастлабки тарзда муҳокама қилиш, ўз йўналишлари бўйича ҳудудни ривожлантириш дастурларини тақдим этиш тартибини йўлга қўйиш, “Кенгаш соати” институтини жорий қилиш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини молиявий рағбатлантириш масалалари ҳам кўзда тутилган. Маҳаллий кенгашлар фаолиятида ахборот технологиларини кенг жорий этиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиши бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Албатта, вакиллик органлари ваколатларининг кенгайиши биз – маҳаллий кенгаш депутатларига катта ишонч билдирилаётганидан далолатдир. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулиятни ҳам юклайди. Дарҳақиқат, белгиланган вазифаларни виждонан бажарган депутатгина сайловчилар ишончини қозона олади, халқ вакили, деган номни оқлайди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсон.
Отабек ЖИЯБАЕВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, УзА