Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро от спорти федерацияси (FEI)нинг 100 йиллигига бағишланган форум ўтказилди
Унда иштирок этган Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Бахромжон Газиев раҳбарлигидаги делегация Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Халқаро от спорти федерацияси президенти Ингмар де Вос ва бошқа халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлари билан учрашиб, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.
Мулоқотлар давомида мутасаддилар мамлакатимизда олимпия спорт турлари, хусусан, от спорти тобора оммалашиб бораётгани, Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этаётгани ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.
Халқаро форум ўз иши давомида қатор масалаларни кўриб чиқди. Қоидаларга ўзгартириш киритиш бўйича миллий федерацияларнинг таклифлари қабул қилинди. Тадбирда бу борадаги якуний қарор Халқаро от спорти федерациясининг жорий йил октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеясида эълон қилиниши таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА