Вакиллар палатаси Трамп қарорини рад этди
АҚШ Конгрессида Канадага нисбатан жорий этилган бож масаласи кўтарилиб, Президент Дональд Трамп ёндашувига қарши овоз берилди. Вакиллар палатаси шимолдаги қўшни давлатга нисбатан қўйилган қўшимча солиқ бекор қилинишини кўзда тутувчи резолюцияни маъқуллади. Бу ҳақда “Italpress” хабар берган.
Ҳужжатни 219 конгрессмен қўллаб-қувватлаб, 211 ноиб инкор этган. Дарвоқе, овоз бериш жараёнида олти нафар республикачи депутат демократлар қаторида ҳужжатни маъқуллаган.
Резолюцияда Президент томонидан Канадага қарши бож жорий этиш учун миллий фавқулодда ҳолат асос сифатида кўрсатилгани шубҳа остига олинган. Қонун чиқарувчилар бу асосни етарли, деб ҳисобламаслигини билдирди.
Мутахассислар фикрича, ҳужжат энди муҳокама ва овозга қўйиш учун Сенатга юборилади. Сенатда қабул қилинса, қарор бож масаласида ижроия ҳокимияти ваколати бўйича янги сиёсий тортишувга сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Д.Ҳакимов, ЎзА