Интернет тармоғида туркиялик собиқ амалдор ўғлининг вакцинага қарши қаратилган фикрлари тарқалди. Эмишки, вакцина олиш жўнли, бир кўзли, думли чақалоқлар туғилишига сабаб бўларкан. Бу каби миш-мишлар тарқалишига нима сабаб бўлмоқда? Бу хабарлар қанчалик асосли?
ССВ матбуот хизмати ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Атабековга мурожаат қилди:
– Ўйлаб кўрсак, дунёда вакцинация жараёнларига оммавий старт берилганига ҳали 9 ой ҳам бўлгани йўқ. Дунё бўйича шу пайтга қадар ҳомиладор аёлларда эмлаш жараёнлари амалга оширилмади.
Вакцинация жараёнлари дастлаб бошланганида фақатгина хавфости гуруҳига кирган аҳоли вакиллари эмлана бошланган эди. Эмланганларнинг аксарияти ёши 65 ёшдан юқори инсонлар бўлиб, улар, асосан, фарзанд кўриш ёшидан анча юқори қатлам ҳисобланади.
ЖССТнинг сўнгги таҳлиллари ҳомиладор ва эмизикли аёллар, ҳатто, ОИТС ва ОИВ инфекциялари билан касалланган беморлар ҳам эмланиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шундай экан, ҳомиладорлар келгусида эмлана бошланган тақдирда ҳам уларда бундай ҳолатлар кузатилмаслигига кафолат бор.
Вакцина тайёрланадиган вирус геноми билан инсон ирсиятига жавоб берувчи генларнинг умуман алоқаси йўқ.
Аксарият вакциналарда вируснинг тўлиқ намуналари эмас, унинг таркибидаги рекомбинант оқсил моддаси фойдаланилмоқда. Демак, эмлаш орқали организмга вирус намунаси киритилмайди. Тарқатилган мажруҳ чақалоқлар сурати катта эҳтимол билан ҳомиладор аёлларнинг скрининг жараёнларида олинган бўлиши мумкин. Биламизки, скрининг текширувидан мақсад ана шундай салбий ҳолатлар аниқланса, ҳомиладорликни олдини олиш, болани соғлом дунёга келишини таъминлашдир.
Демак, агар қайдадир мажруҳ болалар туғилган бўлса, бу вирус билан боғлиқ эмас. Бунинг барчамизга маълум бўлган бир қанча сабаблари бор бўлиб, улар қаторига гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва кашандалик каби зарарли одатлар, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва носоғлом ҳаёт тарзи каби омилларни киритиш мумкин.
Бу каби тиббий мантиққа ва ҳақиқатга зид бўлган хабарларни тарқатишдан мақсад эса айнан бирор ишлаб чиқарувчига қарши провокация уюштириш, шахсий зиддиятлар сабаб кимгадир информацион зарар етказиш ёки дунё жамоатчилигини ўзига қаратиш, деб ўйлаймиз.
Маълумот учун, «Stopface.kz» нашри қайд этишича, эълон қилинган суратларнинг бирортаси коронавирус пандемияси ва вакциналарга боғлиқ эмас. Биринчи суратда думи бор чақалоқ тасвирланган – бу график таҳрирлагичнинг иши ҳисобланади. Сурат 2009 йилда сураткаш Саймон Стоун томонидан қайта ишланган.
Усти жўн билан қопланган болакайнинг сурати ҳам вакцинага боғлиқ эмас. Унда гипертрихоз ёки «махлуқ синдроми» дея аталувчи касаллик билан туғилган бола тасвирланган. 2019 йилда Испанияда 16 нафар болада ушбу касаллик аниқланган. Кейинроқ уларнинг барчаси соч тўкилишига қарши восита бўлган дорини ишлатгани маълум бўлган.
Эрбакан томонидан намойиш этилган учинчи суратда 2016 йили Ҳиндистонда туғилган сиам эгизаклари тасвирланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати.