Вируслар билан боғлиқ вазият, яъни карантин одатий ҳаёт тарзимизни ўзгартириб, меҳнат муносабатларида ҳам илгари қўлланилмаган янги қоидалар вужудга келди.
Бу эса меҳнат қонунчилигига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилди.
Кундалик лексиконимизга “масофадан туриб ишлаш усули”, “қулай иш графиги”, “уйдан туриб ишлаш”, “ўзини ўзи банд қилган фуқаролар”, “темир дафтар” , “аёллар дафтари”, ”ёшлар дафтари”, “меҳр дафтари” каби тушунчалар кириб келди.
Ўз навбатида, уларни қўллаш бўйича ҳуқуқий нормалар ҳам яратилди. Хусусан, 2021 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгаришлардан бири бу Меҳнат кодексининг 113-моддаси “ишдан четлаштириш” нормасига киритилган ўзгариш ва қўшимчалардир.
Пандемия шароитида иш берувчининг зиммасида ўз ходимларининг саломатликларини сақлаш, хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратишга, шунингдек, коронавирус инфекцияси туфайли аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига таҳдид солувчи ҳолатларни олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширишга мажбур.
Ўз ўрнида ходим меҳнат шартномасига мувофиқ зиммасига юклатилган меҳнат функцияларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний талабларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши шарт.
Инсон қаерда бўлишидан қатъий назар, нафақат ўзининг, балки атрофидагиларнинг ҳам саломатлигига эпидемиологик муҳитнинг келиб чиқишини олдини олишга масъулиятли бўлиши лозим. Шундай экан, ҳар биримиз бугунги кунда фуқаролик позициясини сақлаган холда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, ковидга қарши эмланишимиз ва аҳолининг саломатлиги, жамиятимиз осойишталиги учун ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда коронавирусга қарши вакцина олганлар аҳолининг ҳали ярмига ҳам етмаган.
Демак, ҳали хавотирга ўрин бор. Албатта, бугунги кундаги кўрилаётган чора-тадбирлар, таълим муассасаларининг онлайн ўқитиш режимига ўтказилгани касаллик занжирини бир мунча узилишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо бу тўлиқ карантин муҳитини бартараф эта олади, дегани эмас. Шунинг учун ҳам касалликнинг олдини олиш аҳолини эмлаш орқали жамоат иммунитетини шакллантиришдан иборат.
Меҳнат кодексининг 113-моддасида иш берувчи учун ходимни ишдан четлаштириш учун назарда тутилган асослар доираси шу нуқтаи назардан кенгайтирилди. Ушбу моддага киритилган қоидаларга мувофиқ, ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган, шунингдек карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.
Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришдан аввал ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар ходим ёзма ариза беришдан бош тортса, ходимнинг эмланишни рад этганлик ва бу бўйича ариза беришдан бош тортганлиги юзасидан далолатнома тузилади. Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ билан ходим таништирилиши ва у ўз имзоси билан танишганлигини тасдиқлаши лозим.
Ходимнинг ишдан четлаштирилиши меҳнат шартномасини бекор қилмайди, яъни меҳнат муносабатлари давом этади, аммо Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган эпидемиологик давр давомида ходим ишга қўйилмайди. Бу давр унинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади, бироқ бу давр учун унга иш ҳақи ҳисобланмайди.
Агар тегишли тартибда тиббиёт муассасаси томонидан ходимнинг соғлиғи туфайли унга профилактик эмлашга қарши кўрсатмаларни тасдиқловчи ҳужжат берилган бўлса, иш берувчи ходим билан келишган ҳолда, уни масофавий иш режимига ўтказиши мумкин.
Хулоса сифатида шуни айтиш жоизки, ҳар биримиз на фақат ўзимизнинг балки жамиятимизнинг саломатлигига ҳам масъулмиз. Шундай экан, ўз вақтида эмланишни унутманг.
Х.Бурҳонхўжаева,
ТДЮУ доценти.
ЎзА