Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вакцина олмаган шахснинг ишдан четлатилиши унинг ишдан маҳрум бўлишини англатадими?
14:17 / 2021-08-06

Аҳолидан тушаётган саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари жавоб бериб келмоқда.

 Ижтимоий тармоқларда  берилаётан саволларга шу заҳоти жавоб берилса, электрон почта, телеграм-бот ва бошқа воситалар орқали келаётган саволларга индивидуал жавоб йўлланмоқда.  

 Шу билан бирга, кўпчиликни қизиқтирадиган саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева оммавий ахборот воситалари орқали жавоблар тақдим этмоқда.  

 - Кейинги вақтда ижтимоий тармоқларда шахснинг коронавирусга қарши вакцина олишни рад этиши уни ишдан бўшатишга асос бўлиши мумкинлиги кенг муҳокама сабаб бўлмоқда. Баъзилар эса ишдан бўшатилмайди, четлатилади, дейишмоқда. Ишдан четлатиш ишдан ҳайдалиш, деганими?

 - Жорий йил 2 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  

 Қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (агар эмланишга қарши ҳолатлар мавжуд бўлмаган тақдирда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилди.  

 Шу ўринда ишдан четлатиш ва ишдан бўшатишни бир-биридан фарқлашимиз лозим. Ушбу икки тушунча мутлақо бошқа-бошқа муносабат ва моҳиятни ташкил этади. Яъни, иш берувчи эмланмаган ходимни ишдан ҳайдамайди, ишдан четлатади. Ишдан четлатиш  вақтинчалик ҳолат бўлиб, вазият изига тушгач, яъни четлатишга сабаб бўлган ҳолат бартараф этилгач ходим яна ишини давом эттираверади. Бироқ ишдан четлатиб турилган муддат учун ойлик тўланмайди.  

 Ишдан бўшатилганда ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхаси ва меҳнат дафтарчаси берилади. Содда қилиб тушунтирганда, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим ўзи ишлаб турган корхонани вақтинчалик эмас, балки бутунлай тарк этади.  

 Бугунги кунда жамоавий иммунитетни ҳосил қилиш бевосита жамоат хавфсизлиги, жамият манфаати ҳисобланишини эътиборга  олиш лозим. Зеро, жамоавий ҳуқуқ индивидуал ҳуқуқдан доимо устун туради.  

 Шунга кўра, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, мазкур қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.  

 - Меҳнат мигрантларига янги имтиёз ва қулайлик яратилганлиги ҳақида ўқидим. Шу бўйича тўлиқ маълумот бера оласизми?

 - Жорий йил 30 июль куни Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.  

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:    

 хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);  

 йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);  

 ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 миллион 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.  

  - Яқинда автотранспорт воситаларини тонировка қилиш бўйича янги тартиб белгиланганлигини эшитдим. Эндиликда тонировка тартиби қандай бўлади?  

 - Жорий йил 28 июль куни Ҳукуматнинг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга оид қарори қабул қилинди.  

 Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Шунингдек, автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари автотранспорт воситаси эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Автотранспорт орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 сантиметрдан кўп бўлмаган тасмасимон шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди.  

 Рухсатнома 1 йил муддатга берилади.  

 Ариза берувчи томонидан рухсатнома учун тўлов 10 кун муддатда амалга оширилади.  

 Энг муҳими, фуқаролардан ЯИДХП орқали рухсатномани қайта расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.  

      Н.Абдураимова, ЎзА