Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вакант лавозимларга 278 минг нафар номзод ҳужжат топширган
16:12 / 2023-08-15

Миллий матбуот марказида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишнинг очиқ, шаффоф тизимига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда қайд этилганидек, бугунги кунга келиб Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали орқали жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республиканинг 68 та вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 10 минг 86 та танлов эълон қилиниб, уларга жами 278 минг нафар номзод ҳужжат топширган. Бунда энг кўп танловлар, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими, ёшлар етакчилари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари тизимида эълон қилинган.  

Танлов якунига етган 8 минг 193 та вакант лавозимларнинг 3 минг 890 тасига малакали ходимлар жамланди. 4 минг 303 та вакант лавозимга эса қайта танлов эълон қилинди. Танлов ғолибларининг 1 минг 388 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 1 минг 368 нафари аёллар, 631 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.  

– “Рақамли давлат фуқаролик хизмати” концепцияси доирасида инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишидаги бюрократик тўсиқларга чек қўйиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган автоматлаштирилган тизим — hrm.argos.uz электрон тизими ишлаб чиқилди, – деди Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти мудири Илҳом Қурбонов. – Мазкур автоматлаштирилган тизим 2023 йил август ойидан давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча давлат органлари ва ташкилотларида тўлиқ жорий этилган. Ҳозирги кунда барча давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган вазирлик ва идоралар, шунингдек, тизимдаги 4 минг 402 та ташкилот ушбу платформага уланган.  

Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини ривожлантириш бўлинмалари бюрократия ва ортиқча қоғозбозликдан холи бўлган қуйидаги қулайликларга эга бўлади.  

Хусусан, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади. Таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон базага жамлаган ҳолда ахборот тўпланади ва унга ишлов берилади. Ходимлар давомати ва иш вақти ҳисоби табели, шунингдек, хизмат сафари, меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври электрон шаклда қайд этиб борилади. Кадрларга оид иш юритув ҳужжатлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилинади ва юритилади.  

Шунингдек, ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва уларни масофавий малакасини оширишга эришилади ва кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архиви юритилади.  

Шунингдек, тадбирда “Давлат хизматчиси” мобиль дастури хусусида сўз борди. Мазкур дастур Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида рақамлаштириш мақсадида йўлга қўйилган.  

Эндиликда инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги барча платформалар — соҳага доир қонунчилик, вакансиялар, малака ошириш, шунингдек, давлат хизматчисининг шахсий ривожланишига оид барча маълумотлар ушбу дастурга жамланади.  

Мобиль дастур “Электрон ҳукумат”нинг қуйидаги тизимлари билан интеграция қилинган: Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz, фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизими — id.egov.uz, давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот портали — my.argos.uz, давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz, давлат фуқаролик хизматчиларини синовдан ўтказиш модули— test.argos.uz, давлат фуқаролик хизматчилари малакасини ошириш портали (ilm.argos.uz).  

Келгусида давлат хизматчиларига юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда қулайлик яратиш мақсадида мобиль дастурни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси — pm.gov.uz билан интеграция қилиниши кўзда тутилган.  

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА