Хориж хабарлари дастурининг бугунги сонида: Россия 36 та давлат фуқароларини урушга ёллашни тақиқлади, Мексикада наркобароннинг ўлдирилиши ортидан минглаб ҳарбий сафарбар қилинди, Туркиялик олимлар Ой ва Марс реголитида помидор етиштиришга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Тинчлик кенгаши Ғазо учун стейблкоин яратиш имкониятини ўрганмоқда, Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль Россия билан музокараларда ён беришдан бош тортаётганини билдирди, ва Қирғизистон депутатлари Қозоғистон билан чегара тартибини инсон ҳуқуқлари ва оилавий алоқалар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/oKJEXDwrG1U?si=l06RnlTB3_cqI-zr" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Россия 36 та давлат фуқароларини урушга ёллашни тақиқлади
Россия ОАВ маълумотларига кўра, 36 та давлат фуқароларини Қуролли кучларга шартнома асосида ёллаш тақиқланган. Рўйхатга Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка, Туркия, Куба, Афғонистон, Эрон, Венесуэла ва Кения кирган. Марказий Осиёдан эса 7,5 мингдан ортиқ шахс Россия армиясига ёлланган. Қарорнинг расмий даражада ким томонидан қабул қилингани номаълум, лекин дипломатик мурожаатлар натижаси бўлиши мумкин.
АҚШ Суриядан қўшинларини олиб чиқишни бошлади
АҚШ Суриядаги Ҳасака вилоятидаги Қасрак базасидан қўшин ва техникасини олиб чиқишни бошлади. 24 февраль куни тонгда оғир техника, зирҳли машиналар ва ҳарбий хизматчилар юкланган ўнлаб юк автомобиллари Ироқ чегараси томон йўл олган. Жараён аввал ал-Шаддий ва ал-Умар базаларидан бошланган бўлиб, бир неча ҳафта давом этиши кутилмоқда.
Мексика наркобарон ўлимидан кейин минглаб аскарни сафарбар қилди
Мексикада “Эл Менчо” лақабли наркобароннинг ўлдирилиши ортидан мамлакат бўйлаб тартибсизликлар авж олди. Ҳукумат хавфсизликни кучайтириш мақсадида ғарбий ҳудудларга қўшимча 2,5 минг ҳарбий юборди ва 22 февралдан бери жами 9,5 мингга яқин ҳарбий сафарбар қилинди. Операция давомида Эл Менчо ва картелнинг тўрт аъзоси ҳалок бўлган, икки нафари оғир яралланган.
Тинчлик кенгаши Ғазо учун стейблкоин яратишни ўрганмоқда
Тинчлик кенгаши Ғазо сектори учун стейблкоин яратиш имкониятини ўрганмоқда. Лойиҳа аҳолига рақамли транзакциялар қилиш имкониятини берувчи восита яратишга қаратилган ва у АҚШ долларига боғланиши кутилмоқда. Ишлаб чиқишда Исроил ва Фаластин компаниялари, шунингдек, Ғазо секторини бошқарувчи миллий қўмита ва БМТнинг собиқ махсус вакили Николай Младенов бошчилигидаги Олий вакил бошқармаси ҳам иштирок этмоқда.
Вадефуль: Германия Путиннинг ортидан ялиниб югурмайди
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль Украинада барқарор тинчликка эришиш учун Россия билан музокараларга тайёрлигини билдирди, аммо ён беришлардан бош тортди. У Берлинда ўтган форумда “аввало Украина гапириши керак”лигини таъкидлади ва Германия Россия президентига “ялиниб югурмаслигини” қайд қилди. Вадефуль, шунингдек, Германия Социал-демократик партиясининг Путинга музокараларни фаолроқ таклиф қилиш чақириқларини рад қилди.
Қирғизистонлик депутатлар Қозоғистон билан чегара тартибини ўзгартиришни талаб қилмоқда
Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Гўля Кожокулова Қозоғистон билан чегарадаги ўтказиш режимини инсон ҳуқуқлари ва оилавий алоқалар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. У 90 га 180 режими билан боғлиқ чекловлар икки давлат ҳудудларида яшайдиган ва ишлайдиган фуқароларга қийинчиликлар туғдиришини таъкидлади. Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имaнгазиев эса ушбу масала узоқдан бери музокара қилинаётганини қайд қилди.
Туркиялик олимлар Ой ва Марс “тупроғи”да помидор етиштирди
Туркиялик олимлар Ой ва Марс юзасидаги тупроқ қатламига ўхшаш сунъий реголитда помидор етиштиришга муваффақ бўлди. Эге университети Биология факультети доценти Ренгин Өзгур Узилдай бошчилигидаги лойиҳа 15 ой давомида АҚШдан келтирилган реголитларда тажриба ўтказди. Тадқиқотда аввал экстремофит ўсимликлар билан тупроқ тузилиши яхшиланди, сўнгра помидор кўчатлари экилиб, ҳосил олинди.
Нозимбек Мардонов,Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА