Фарғона шаҳри Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройи майдонида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят тадбиркорлар, фермерлар, таълим ва тиббиёт ходимлари, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, партия фаоллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, партия жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларга “Ваъда эмас, натижа, эртага эмас, бугун!” шиори билан кириб келмоқда. ЎзЛиДеП бу йилги сайловолди дастурида ҳам аҳолининг барча қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратган. Жумладан, ЎзЛиДеПга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш, тадбиркорлар сонини 3 миллион нафардан ошириш устувор мақсаддир. Бундан ташқари касб-ҳунарга ўқитиш кўламини ҳар йили икки баравар ошириб, беш йилда камида 1 миллион фуқарога касб ўргатиш, барча туман ва шаҳарларда мономарказларни ташкил қилиш, мактаб битирувчиларига давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизим жорий этиш каби масалалар ҳам партиянинг диққат марказида бўлади. Оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларга кредит таътиллари бериш, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий секторни ривожлантириш ҳамда монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш бўйича зарур чораларни кўради.
[gallery-19605]
Партиянинг сайловолди дастурида бундай аниқ мақсадлар ижтимоий соҳани ҳам қамраб олган. Аҳоли ўртасида касалликларни кескин камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш, бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида 2 карра ошириш, оналар ва болалар ўлимини камида 2 баробарга, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга қисқартириш, кафолатланган бепул тиббий ёрдам, “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бунга мисолдир.
Тарғибот тадбирида ЎзЛиДеП мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни, давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз зиммасига олаётган мақсад-вазифаларнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш, 2030 йилга қадар қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, нодавлат умумтаълим ташкилотлари сонини 2 баробарга ошириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш борасидаги ташаббуслари мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА