Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Vacancy.argos.uz: тизим қанчалик шаффоф ишлаяпти?
10:08 / 2022-10-12

Бугунги кунда кадрларнинг давлат фуқаролик хизматига ишга кириши учун янги инновацион, осон ҳамда шаффоф йўллар тақдим этилмоқда. Жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизматидаги бўш лавозимлар муносиб номзодлар танлаш “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” (vacancy.argos.uz) тизим асосида очиқ мустақил танлов орқали амалга оширилмоқда.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг маълум қилишича, 41 минг 158 нафар малакали номзод давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов тизими орқали қабул қилинган. 

Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали қандай тартибда ишлайди? 

Vacancy.argos.uz порталидаги давлат вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади. 

Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар белгиланган тартибда ташкил этилади. Унда ҳар бир номзоднинг вакант лавозим малака талабларига мослиги ўрганиб чиқилади ва тест орқали номзодларнинг билим даражаси синовдан ўтказилади. Номзод билан суҳбат ташкил этилади. 

Мазкур тизимнинг аҳамиятли томони, танлов босқичлари бўйича маълумотлар онлайн тарзда ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади, яъни ҳар бир босқич натижаси бўйича номзодларга асосланган жавоб бериб борилади. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформасига республиканинг 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралари, барча туман (шаҳар) ҳокимликлари уланган. Бугунга қадар мавжуд вакант лавозимлар бўйича жами 100 мингга яқин танлов эълон қилиниб, ушбу лавозимларга жами 1 миллион 157 минг 338 нафар номзод ҳужжат топширган. Танлов ғолибларининг 14 минг 563 нафарини 30 ёшгача бўлганлар, 14 минг 341 нафарини аёллар, 6 минг 603 нафарини давлат фуқаролик хизматига биринчи маротаба қабул қилинганлар ташкил этади. 

Номзодларнинг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталидаги шахсий кабинетига кириши Ягона идентификация тизими id.egov.uz да олинган логин ва пароль орқали амалга оширилади. Шунинг учун шахсий кабинетга кириш учун логин ва паролни ўзгартириш ёки уни тиклаш борасида iduzsupport@egov.uz ёки 1242 қисқа рақами орқали маълумот олиш мумкин. 

Фуқаронинг хорижий давлат олий таълим муассасасида ўқиганлиги  тўғрисидаги диплом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан нострификациядан ўтказилиши лозим. Нострификация қилинган диплом тўғрисидаги гувоҳнома рақами ўрнатилган тартибда базага киритилади. Фуқаронинг диплом рақами киритилган тақдирда порталдаги шахсий кабинетида автоматик равишда кўринади. 

 

Муҳайё Тошқораева, 
ЎзА