Тиббиётда ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳвол оғирлашуви ва организм сувсизланиши билан кечадиган ўта хавфли ўткир инфекцион касаллик бор. Бу холера вабосидир.
Мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг ёзишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шу кунларда инсоният яна бир хавфли эпидемия билан юзлашиши эҳтимолидан жиддий ташвишда. Таъкидланишича, бунга етарлича асослар бор.
Охирги бир йилда дунёда холера вабосига чалиниш ҳолатлари кескин кўпайган. Биргина жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 27 мамлакатда ушбу касаллик эпидемияси кузатилиб, кўплаб беморлар ҳаётдан кўз юмган.
Масалан, Сурияда сўнгги олти ҳафтада 10 минг нафардан ортиқ киши мазкур хавфли инфекцияга гумон қилинган.
Покистонда ҳам 1500дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли сув тошқинларидан кўп ўтмай холера вабоси авж олди. Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, яқин ҳафталарда яна кўплаб одамлар хасталик қурбонига айланиши мумкин экан.
ЖССТга кўра, холера оқибатида беморлар ҳатто бир неча соат ичида жон таслим қилишлари мумкин. Шунга қарамай, замонавий тиббиёт махсус муолажалар орқали хасталикни даволаш имкониятига эга. Касалликка қарши вакциналар эса вабо профилактикасида энг самарали чорадир.
Жаҳонда бу йил турли эпидемиялар оқибатида содир бўлаётган ўлим ҳолатлари беш йил аввалги кўрсаткичга нисбатан деярли уч баравар ошгани ҳар биримизни огоҳ бўлишга ундайди.
ЎзА