Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ваҳимадан холи ҳудуд ёхуд обод қишлоқ манзаралари
16:44 / 2020-03-25

Чарчоқлар арийди, қониб-қониб қишлоқдошларим меҳридан баҳра оламан.


Ҳар сафар Тошкентнинг сершовқин кўчаларидан ўзим туғилиб ўсган қишлоққа бораётганимда юрагим ўзгача уради. Она юрт, таниш тераклар, дилга яқин кўчалар хумори тутганиданми, билмадим. Узун манзил янада узоқлашади. Минг азобда ҳориб, сабрим тамом бўлиб қишлоққа кириб келаман. Хатирчининг самимий, меҳрли одамларига дуч келаман. Ҳаммаси шундан бошланади. Чарчоқлар арийди, қониб-қониб қишлоқдошларим меҳридан баҳра оламан.

Бу гал қишлоққа келишим ўзгача бўлди. Кўчани тўлдириб ўйнаб юрадиган бахтиёр болакайларни учратмадим. Ҳаммаси уй-уйида. Наҳотки, қишлоғимизда зерикарли ҳаёт бошланган бўлса, деб юрагим бироз орқага тортди. Шунда қишин-ёзин меҳнат қилиб чарчамайдиган, бироз тин олишни ўзига эп билмайдиган Ғойибназар амакига дуч келдим. Салом-аликдан сўнг, қишлоқ муҳитидан бохабар бўлдим. Хайрият, хавотирга ўрин йўқ.

– Қизим, Тошкент тинчми?

–Тинч, амаки, дейману қишлоқдан хавотир оламан.

–Ўқиш, ишларинг жойидами?

–Ҳа жойида. Қишлоқда нима гаплар?

–Қишлоқ ҳам тинч. Одамлар бу синовли кунларни сабр билан енгмоқда. Болаларни кўчага чиқармаяпмиз. Уйда дарсини қилиб, китобини ўқиб ўтирибди. Кексаларни авайлаяпмиз.

–Сизчи, амаки. Ўзингиз зерикиб қолмаяпсизми?

–Йўқ, қизим. Зерикишга вақт қайда, дейсан. Ҳаёт давом этади. Ҳозир томорқада қизғин иш маҳали. Пойтахтга бир борай дейман, аммо қишлоқ ишидан, томорқа юмуши, мол — ҳолдан ортмайман. Бу ерлар ишини биласан, тугай демайди. Ҳаракат қилган кишига иш қайнаб чиқаверади.Озроқ кунлар исисин, насиб этса ,бораман...

Меҳнаткаш одам ҳеч қачон зерикмайди. Ҳамма вақт ўзи учун машғулот топади. Эсимни таниганимдан буён Ғойибназар амакини биламан. Меҳрибон ва ҳазилкаш инсон. Унинг самимий суҳбатлари ёқади.

...Тамабаҳрин қишлоғимиз чорраҳасида қатор-қатор маиший хизмат кўрсатиш хоналари, тамаддихона ва тўйхоналар фаолияти тўхтатилган. Озиқ-овқат дўконлари эртаю кеч фаолият юритяпти. Дўконларда ҳамма нарсани топса бўлади. Қишлоқ аҳлига бозорга ҳам эҳтиёж сезилмайди. Хайриятки, бу ернинг савдогарлари инсофини емаган. Нархлар жойида. Маҳсулотлар жуда арзон. Дорихоналар ҳам ишлаб турибди. Асфалть қилинган, кенг ва файзли кўчада зарур иши бор одамларгина кўчага чиққан. Ҳайтовур, бирортаси тушкунликка тушмаган. Барчаси коронавирусдан тезроқ қутилиш илинжида қоидаларга амал қилмоқда. Кўчада бирорта ниқобсиз одамни кўрмайсиз. Бир қоидага бўйсуниб, бир бўйсунмай юрадиган қишлоқ шофёрлари ҳам ниқобда. Қучоқлашиб, бош уриштириб кўришиш одатларини эса вақтинча ташлаган. Одамлар ниқобсиз кишини кўришса, дарҳол чўнтагидан янги ниқоб узатади, кўчага ниқобсиз чиқма, дея уқтиришади.

Қишлоғимиз одамлари тартибга доим амал қилган. Бундай пайтни томорқада ишлаб “алами“ни ердан олиш вақти, дейишади. Ғойибназар амаки ҳам томорқа ишларини гуллатади. Ҳовлисидаги 10 эгат картошка ниш отиб, бош кўтарган. 6 эгат помидор эса ёмғирдан сўнг ғиж-ғиж бўлиб, униб чиққан. 10 дона олча, 10 дона гилос, 8 туп олма, 4 туп шафтоли қийғос гуллаб, баҳор келганини эслатиб турибди. Ҳовли орқасидаги 40 га яқин узум эса аллақачон кўтарилиб, осиб қўйилган, куртак ёзишга эринаётгандек турибди. 10 қути асалари, 20 та товуқ, қорамол Ғойибназар амакини зериктириб қўймайди. Ўғли ўқитувчи, келини шифокор. Набиралар уйда дарс тайёрлайди. Хонадон маърифатдан узоқ эмас. Уй эгалари бўш қолди дегунча томорқага ошиқади.

–Умуман олганда, бугун қишлоқ одамларининг ортиқча ваҳима, саросимага тушишга вақти йўқ, –дейди Ғойибназар Ҳимматов. – Улар меҳнат қилишади. Инсониятга энг кўп йўқотишларни берган Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари, ўлат, вабо ва турли офатларни бошидан кечирган халқимз бу синовни ҳам енгади. Бугун тиббиёт ривожланган. Одамларнинг онги, дунёқараши ўзгарган. Демак, бу синовли кунларни бирга енгамиз. Бунда бирдамлик керак, қўрқувга эса ҳожат йўқ.

Маҳалла фаоллари хонадонма-хонадон кириб қишлоқ аҳлидан хабар олиб турибди. Боқувчисиз оилаларга ёрдам қилинмоқда. Барчанинг мақсади бир – бу синовли кунлардан биргаликда эсон-омон ўтиш,тинч-хотиржам яшаш...