Дунё яратилибдики, одамзоднинг ўзаро ёки табиат билан боғлиқ муносабатларида унинг эзгу эътиқоди, сабру қаноати, дину диёнати, умуман, гўзал хулқини имтиҳон қиладиган турли йўсиндаги синовлар бўлиб ўтган.
ёхуд осойишталик ва ноз-неъматларга нисбатан ношукрлик хусусида
Синовлар...
Дунё яратилибдики, одамзоднинг ўзаро ёки табиат билан боғлиқ муносабатларида унинг эзгу эътиқоди, сабру қаноати, дину диёнати, умуман, гўзал хулқини имтиҳон қиладиган турли йўсиндаги синовлар бўлиб ўтган.
Бизнинг аждодларимиз бундай синовларни шарқона донишмандликка хос вазминлик билан енгиб, ҳеч қачон қаддини букмай, эртанги кунга қаттиқ ишонч ва умид боғлаб, матонат ва ирода билан эзгуликлар сари интилиб яшашган. Ота-боболаримизнинг ҳикоя қилишларича, диёримизда яқин ўтмишдаги энг мудҳиш синовлар – қатағон йиллари, Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги даврларга тўғри келган. Ана шундай қаҳатчилик, очарчилик пайтларида ҳам халқимиз бошқаларга чин инсоний фазилатларини намоён қилишган. Узоққа бормайлик, биргина маълум ва машҳур мисол: Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатларнинг қаровсиз ва етим қолган 16 нафар боласини ўз бағрига сингдирган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва турмуш ўртоғи Баҳри ая Акрамовалар оиласини олайлик. Инсонпарварликнинг бундай юксак намунаси ҳозирга қадар халқлар дўстлиги қадрияти сифатида қалбларимизда сақланиб келмоқда.
Эндиликда-чи? Инсоф билан ўзимиздан сўрайлик, бугун қай биримиз мана шундай муҳтарам ва мўътабар зотларга ўхшаб бағрикенглик, сабр-қаноат, шукроналик каби олижаноб фазилатлар билан умргузаронлик қиляпмиз?
Хўш, ушбулар орқали нима демоқчимиз, аслида? Юқоридаги кириш сўзларини келтиришдан мақсадимиз нима?
Шу кунларда бутун башарият учун офатга айланган “коронавирус” ва у билан боғлиқ муаммолар юртимизда ҳам ташвишли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
Бу ташвиш турли нозу неъматлар билан зийнатланган жаннатмонанд заминга қаноатсизлигимиз, айримларимизнинг очкўзлиги, шахсий манфаатпарастлигимиз оқибатида бугунги фаровон ҳаётимизга нисбатан ношукрлигимизда намоён бўлмоқда!
Бу ташвиш Ватанимизда мавжуд тинчлик, осойишталикка нисбатан эътиборсизлигимизда, бефарқлигимизда намоён бўлмоқда!
Бу ташвиш ҳамма нарсани давлатимиз ҳал қилиб беради, давлат нима учун, деган нохолис ва шум ният билан суғорилган, боқимандалик туйғуларимизда намоён бўлмоқда!
Бу ташвиш халқимизнинг иродаси, имон-эътиқоди синаладиган дамларда айрим кимсаларнинг мўмай пул ишлаб олиш илинжида ўз виждонини сотиб йўл қўяётган пасткашликларида намоён бўлмоқда!
Умуман, бу ташвиш буюк тарихий қадриятларга эга бўлган халқ, миллат эканимизни кўпчилигимиз унутиб, тарқоқлашиб, аросатда қолаётганимизда намоён бўлмоқда!
Бундай изтироб ханжари, қалб зарби билан чиқаётган номақбул сўзлар оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган, жумладан, Интернет тармоғида кўрсатилаётган, яъни бозору дўконларда ҳам сотувчи, ҳам харидор сифатидаги айрим юртдошларимизнинг хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб дилдан тилга кўчмоқда.
Уларни кузатаркансан, айримларнинг кўзи очлиги оқибатида озиқ-овқат захирасини ўз эҳтиёжидан 5-10 маротаба ортиғи билан тўплаётганини ёки бўлмаса, ҳимоя ниқобларини ўз нархидан 5-6 баробар қимматига сотаётганини кўриб, оғир изтиробга тушасан. Ва беихтиёр, ич-ичингдан шундай саволлар отилиб чиқади:
Хўш, нима учун бунчалик ваҳима? Нима учун бундай пала-партишлик? Нима учун Ҳукуматга, сизу бизнинг соғлиғимиз, осойишталигимизга масъул бўлган юртдошларимизнинг сўзларию, улар томонидан кўрилаётган эҳтиёткорлик чора-тадбирларига нисбатан ишончсизлик?
Ёки... Нима, эрта-индин қаҳатчилик бошланадими, юртни сув босадими?
Нима, эртага охир замон бошланиб, Яратганнинг чексиз неъматлари тугаб қоладими? Ёки....
Азиз юртдошлар, қисматдошлар!
Дўппини бошдан олиб, бундоқ бир тафаккур қилайлик, ахир! Бизга нима бўляпти, ўзи? Нега ақлимиз, фаросатимиз, идрокимизни четга суриб қўйиб, ҳаёсизлик, очкўзлик, бошқалар ризқини қийиш сингари ҳайвоний қусурларимизни бутун дунёга кўз-кўз қиляпмиз? Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобокалонимизнинг бундан қарийб олти аср олдин “Олдига қўйганни емак ҳайвоннинг иши, Оғзига келганни демак, нодоннинг иши” дея куйинганлари нега хаёлимиздан учди? Ёки Соҳибқирон Амир Темурнинг “Кам енглар – очарчилик кўрмасдан, бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар – комилликка эришасизлар, кам гапиринглар – доно бўласизлар” деган ҳурфикрлари қайда қолди?
Агар бу ҳикматларга амал қилмасак, ўзлигимизни англаб етмасак, унда биз нимамиз билан Инсонмиз? Қай жиҳатимиз билан бошқа маҳлуқотдан фарқланамиз? Ҳа, азизлар, бундоқ мушоҳада этайлик! Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ, аслида! Ҳаммасининг ечими ўзимизда, ботинимизда-ку!..
Гўзал ният, қаноат ва умидворлик вакцинаси...
Ислом оламида муқаддас Қуръони Каримдан кейинги китоб – “Саҳиҳи Бухорий” қуйидаги ҳадис билан бошланади: “Иннамал амал бинният”, яъни “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”.
Шундай экан, авваламбор, ақл-идрокни ишга солиб, ниятимизни тўғрилаб олишимиз зарур. Бундоқ тафаккур қилиб кўрайлик. Наҳотки, инсоннинг ҳаёти ва тақдири биргина юқорида қайд этилган “вирус"га боғлиқ бўлса?! Наҳотки, шу билан фаровон ҳаётимиз якунига етса? Бунда биз соғлом фикр юритиб, масала моҳиятига назар ташлайлик, муаммонинг тўғри ечимини топайлик. Шундагина ҳар қандай “ваҳима вируси”ни енгиб ўтишда ботинимизда мислсиз куч, ишонч ва сокинлик туйғулари пайдо бўлади, зоҳиримизда эса ўзимизни бехавотир сеза бошлаймиз. Иккинчидан, сабр ва қаноатни ўзимизга ҳамроҳ билиб, бу ҳам тирикликнинг навбатдаги синови эканини тушуниб етишимиз керак. Зеро, сабр – умр хазинаси, қаноат эса осуда яшаш пойдевори, ҳалол меҳнат қилиб, хотиржам яшаш шарти эканлигини асло унутмайлик. Учинчидан, агар биз бундай ваҳималарнинг тезроқ диёримиздан даф бўлишини, яна аввалгидек, тўкин-сочинлик, фаровонликда яшашни ҳохласак, унда Ҳукуматимиз ва ваколатли органлар томонидан кўрилаётган ҳар бир хавфсизлик чора-тадбирларини табиий равишда қабул қилишимиз ва унга қатъий риоя этишимиз лозим бўлади. Тўртинчидан, турли асоссиз маълумотлар, ғаразли ниятда амалга оширилаётган ваҳимали сўзлар, ғийбату фасоддан огоҳ бўлиб, ўзимизнинг қатъий инсоний ва фуқаровий дунёқарашимизга эга бўлишимиз, ғоявий иммунитетимизни оширишимиз талаб этилади.
Ватан битта, тақдирлар муштарак...
Юртдошларимизнинг Интернет тармоғида пайдо бўлаётган ибратли таклифлари ва инсонга хуш ёқадиган савобли амаллари қалбимизга бироз таскинлик бағишлайди. Мана, яқинда фарғоналик ҳайдовчи юртдошимиз пойтахтда таълим олаётган талабаларни уй-манзилларига бепул олиб боришга бошқаларни даъват қилиб чиқибди. Бу хайрли юмуш мамлакат бўйлаб кенг тарқалди. Яна бир новвой юртдошимиз ўзининг “ҳар қандай ҳолатда ҳам ноннинг нархи ўзгармайди” деган хизмати туфайли минглаб замондошларимизнинг дуосини олишга мушарраф бўлмоқда. Яна бир тадбиркоримизнинг эса ҳимоя ниқобларини текинга тарқатиб юрганининг шоҳиди бўлдик.
Биз мақолада юксак ривожланган хорижий давлатлар, чунончи, Жанубий Кореяда миллат тақдири ҳал бўлаётган паллаларда корейс халқининг ватанпарварлигини кўрсатувчи ибратларни, японларнинг ўз давлатининг гуллаб-яшнашига фидойиларча қўшган холис хизматларини ёхуд немис халқининг давлати томонидан ўрнатилган тартиб-қоидаларга сўзсиз амал қилишидаги намуналарни атайлаб келтирмадик. Чунки Ўзбекистон халқининг ҳам кўплаб дунё давлатлари ва халқлари эъзозлайдиган, аждодларимиздан ўтиб келаётган юксак инсоний фазилатлари борки, ушбулар агарда фитратимизда, қонимизда жўш уриб юзага чиқса борми, биз бемалол дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой ололамиз.
Демоқчимизки, шукроналик, вазминлик, бағрикенглик, саховатпешалик каби кўплаб фазилатларга эга Ўзбекистон халқида бундай синовларни енгиб ўтишда ақл-тафаккур ҳам, дину диёнат ҳам, мустаҳкам эътиқод ҳам, меҳнатсеварлигу интилиш ҳам етарлича топилади.
Зеро, биз учун Ўзбекистон аталмиш она замин ягона, қисматимиз эса бир ва улар чамбарчас боғлангандир...
Обиддин МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Халқ таълими аълочиси