Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“UzWaterAware”: сув – ҳаёт, келажак ва орзулар дебочаси
18:18 / 2020-11-02

“UzWaterAware”, яъни “Ўзбекистонда сув ва экологияни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-компонент”, деб номланган лойиҳа муваффақиятли якунланди.

“UzWaterAware”, яъни “Ўзбекистонда сув ва экологияни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-компонент”, деб номланган лойиҳа муваффақиятли якунланди. 

У 2016 йилнинг ноябрь ойидан 2020 йилнинг ноябрь ойига қадар мамлакатимизнинг 9 вилояти ва Тошкент шаҳрида амалга оширилди.

Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги филиали Ўзбекистон Экологик ҳаракати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази, Хоразмнинг “KRASS” агро-консалтинг маркази, “Экомактаб”, “Саломатлик плюс экология” (Қўқон), “Экологик тоза Фарғона учун” (Фарғона), “Родничок” (Тошкент вилояти) нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ушбу лойиҳа доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этди.

Шу билан бирга, 35 та сув-экология соҳасидаги ННТ ходимлари “UzWaterAware” лойиҳасининг вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият органлари кўмагида ҳамкор ННТлар билан биргаликда амалга оширилган турли сайёр тренинг ва демо-турларда фаол қатнашишга муваффақ бўлди.

Лойиҳанинг миллий ҳамкори бўлган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, уларнинг матбуот хизматлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилиши ҳам сув ва экология мавзусида самарали фаолият олиб боришда катта аҳамият касб этди.

“UzWaterAware” лойиҳасини амалга оширишда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 100 га яқин турли форматдаги тадбир, ОАВ вакиллари, вилоятлар таҳририятлари ва блогерларининг фаол жалб этилиши натижасида сув ва экология мавзуларида 600 дан зиёд босма, онлайн, аудио ва видeо матeриаллар тақдим этилди.

Пойтахтимизда “UzWaterAware” лойиҳасининг якуний ва ҳисобот тадбирларида амалга оширилган бу борадаги ишлар сарҳисоб қилинди.

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ижрочи директори Зафар Маҳмудов, ушбу марказнинг Ўзбекистондаги филиали директори, лойиҳа менежери Шаҳноза Умарова, лойиҳанинг халқаро экспертлари Генри Виес, Алехандро Пастрана ва бошқалар аҳоли кенг қатламининг иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг аҳамияти ҳақида хабардорлик ва билим даражасини ошириш, шунингдек, вазирликлар ва уларнинг матбуот хизматлари, ННТ, ёшлар ташкилотлари ҳамда ОАВ билан ҳамкорликни ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдек мақсадларга лойиҳанинг амалиётга татбиқ этиш жараёнида эришилганини таъкидлади.

Тадбирда Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали директори, лойиҳа менежери Шаҳноза Умарованинг “UzWaterAware” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.

Шаҳноза Умарованинг қайд этишича, “UzWaterAware” лойиҳаси кенг қамровда ва бепул тарқатиш учун махсус ишлаб чиқилган “билим маҳсуллари”ни мерос қолдирмоқда. Жумладан, сув-экология дарсини ўтказиш учун тайёр қўлланма форматида яратилган 5 та анимацион ролик, “Барқарор ривожланиш мақсадида сувдан оқилона фойдаланиш масалаларини ёритиш” мавзусидаги билим берувчи онлайн курс жойлаштирилган 1 та таълим онлайн-платформаси: www.uzwateraware.uz, сув ҳақида 2 та ёрқин безакли китоб электрон форматда: “Бебаҳо сув ҳақида қимматли билимлар” болалар китоби (ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида) ҳамда китобхонларнинг кенг кўлами учун мўлжалланган “Сув йўли” китоби (рус ва ўзбек тилларида) яратилган. Шунингдек, “UzWaterAware” лойиҳаси доирасида Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Германиядаги “BORDA” ННТлар билан “ОАВ ва ННТ учун услубий қўлланмалар”, “Экомактаб” ННТ томонидан рус ва ўзбек тилларида ишлаб чиқилган “Ўқитувчилар учун ўқув қўлланма ва болалар учун ўқув материаллари” кабилар бунга яққол мисолдир.

– Ҳамкор ННТлар, журналистлар ва кўплаб тадбирларимизнинг иштирокчилари таъкидлаганидек, UzWaterAware ҳақиқатан ҳам ноодатий, ёрқин ҳамда кўп жиҳатдан позитив-экспериментал лойиҳага айланди, – деди лойиҳа менежери, МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори Шаҳноза Умарова. – Лойиҳа ностандарт ёндашувларни ва сув-экология тўғрисидаги маълумотларни турли тадбирлар орқали, шу жумладан, мақсадли аудитория учун тушунарли шаклда тайёрланган “билим маҳсулотлари"ни қизиқарли қилиб етказиб бериш мумкинлигини дадил намоён этди. Чунки сув мавзуси, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мавзуси ёшимиз, фаолият соҳамиз ва қизиқишларимиздан қатъи назар, ҳар биримизга тааллуқлидир. Айниқса, сув ресурслари нисбатан чекланган ҳудудда яшаётганимизни инобатга оладиган бўлсак, бу биз учун долзарб масалага айланиб бораверади.

Таъкидлаш керакки, “UzWaterAware” лойиҳаси доирасида республикамиз вилоятлари ҳамда Испания ва Германияга уюштирилган сайёр демо ҳамда стади-сафарлар амалий аҳамият касб этди.

– Ушбу лойиҳа доирасида ўзбекистонлик бир гуруҳ вакилларни Испаниядаги сув ва экология тизимида амалга оширилаётган ишлар билан таништиришга муваффақ бўлдик, – деди лойиҳанинг халқаро эксперти Алехандро Пастрана. – Испаниянинг айрим ҳудудлари иқлими ҳам Ўзбекистон иқлимига ўхшашлиги, қурғоқчил ҳудудларнинг мавжудлиги, сув танқислиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қўйилган янги қадамлар бу юрт тажрибасини ўрганиш ва амалиётга қўллашга имкон яратади. Бизда Испания атроф-муҳит ва демографик вазият вазирлиги сув ресурслари ва сув муаммолари билан шуғулланади. Бу давлатнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос иқлимига эга. Унинг айрим ҳудудларида умуман ёмғир ёғмаслиги, ёки айрим ҳудудида доимий ёғингарчилик кузатилади. Иштирокчилар Испания қишлоқ хўжалигига ихтисослашган журналистлар ассоциацияси, Кастилия-Ла-Манча университети, Испания атроф-муҳит ва демографик вазият вазирлиги, “Almajar” илмий-экспериментал маркази, сув ва уни бошқариш тизимлари фаолияти билан танишди. Шу жиҳатдан ҳам, лойиҳа барчамиз учун фойдали ва амалий аҳамиятга эга бўлди, деб ўйлаймиз.

Миллий ҳамкор сифатида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳам “UzWaterAware” лойиҳасининг барча тадбирларида яқиндан ёрдам берди ва фаол иштирок этди.

– Сув ва экология масаласи бугунги куннинг муҳим мавзусига айланмоқда, – деди Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюнов. – Шу жиҳатдан, ушбу лойиҳа юртимиз соҳа мутахассислари учун фойдали бўлди. Албатта, ушбу ўзаро ҳамкорлик сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва улардан самарали фойдаланишда Ўзбекистон аҳолисининг хабардорлигини ошириш ва доимий равишда маълумотларнинг кенг тарқалишини таъминлайди. Ўз навбатида, сувни тежайдиган технологиялар, томчилатиб суғориш, гидрогель бўйича фермерлар учун маҳорат дарсларининг ўтказилиши, сув мавзусида 7 та ижодий танлов ва битта билим берувчи 12 ҳафталик онлайн викториналарнинг ташкил этилиши, Оролбўйи ҳудуди, Марказий Осиё мамлакатлари ва Европага мeдиа ҳамда стади саёҳатлар уюштирилиши вазирлик матбуот хизмати фаолияти учун ҳам катта тажриба ва амалий кўникмадир.

Ушбу фикрлар хулосаси шуки, “UzWaterAware” лойиҳаси ўз олдига қўйган мақсадга эришди. Бироқ глобал муаммо бўлган сув ва экологик муаммолар, улар ечимини излаш ҳар биримизнинг кундалик ишимиз бўлиши зарур. Тўрт йил мобайнида лойиҳанинг қаҳрамонига айланиб улгурган ака-ука Ҳасан ва Ҳусанлар оилаларида бўлгани каби реал ҳаётда ҳам сувни тежаш ва ҳурмат қилиш кераклигини биладиган, бу шиорга амал қиладиган, шунингдек, бу ҳақда биладию, аммо сувни тежашни, асрашни одат қилмайдиган оилалар талайгина. Шу маънода, “suvni hurmatlang – уважайте воду – respect water” лойиҳанинг шиори ва хештеглари биз учун доимо жаранглаб туришини истар эдик. Зеро, СУВ ҳаёт, келажак ва орзуларимиз ушалишидир.

 

 

photo_2020-11-02_18-19-59.jpg

 

 

photo_2020-11-02_18-20-00.jpg

 

 

photo_2020-11-02_18-20-02.jpg

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА