Андижондаги автомобилларга ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларида узундан-узун навбатлар юзага келган.
Андижон вилоятида қарийиб бир ойдан буён газ заправкаларда узундан узун навбатлар юзага келган, ҳайдовчилар, хатто суткалаб газ қуйиш учун навбатда туриб келишмоқда. Бугунги кунда ҳам бу ҳолат давом этмоқда.
Мана бир неча кундирки, энди Андижонда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, айниқса, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли шохобчаларда АИ- 80 маркали бензин учун ҳам шундай навбатлар юзага келган.
Сўраб-суриштирилганда, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензиннинг бир литри 5700 сўм, ҳатто, баъзи шохобчаларда (Андижон шаҳри, Фуркат кучаси бошланишидаги “Хон” заправкаси) 5600 сум ҳам сотилмоқда. Лекин узундан узун навбатлар мавжуд.
Ушбу заправкаларда, шу жумладан, энг йирик “Узгазойл” тегишли Андижон шаҳридаги заправкаларда хам бензин доимий равишда сотилаётгани йўқ. Эрталаб соат 8-9 ларда лимит бўйича олиб келинган бензин сотилиши бошланмоқда, маълум вакт 3-4 соат сотилганидан кейин АИ- 80 бензин тугади, деб сотилиши тўхтатилмоқда. Агар заправкага кун давомида АИ- 80 бензин яна олиб келинса, сотилмоқда.
Заправкалар мутасаддилари ажратилаётган АИ-80 маркали бензин заправкаларга келиши билан тўхтатилмасдан сотилётганлиги, факат айни кунда нархи арзонлагани учун ушбу бензинга талаб юқорилиги учун тезда тугаб қолаётганлигини таъкидламоқда.
Хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар кўп эмас, лекин АИ-80 маркали бензин 6800-7000 сўм нархда сотилмоқда. Аксарият заправкаларнинг кириш қисмига “АИ- 80 бензин йуқ” деган ёзув илиб қўйилган. Масалан, Андижон, Андижон шаҳри Қалъа, Ўш кўчаларидаги заправкаларда мен борганимда шундай ёзувлар бор эди.
Нима учун АИ-80 маркали бензин йўқ деган саволга, мутасаддилар лимитимиз оз, тезда тугаб қолмоқда, деган жавобни айтмоқда. Нархининг юқори – 6800-7000 минг сўмдан сотилаётганлигига эса хусусий заправкаларга АИ-80 бензин арзонлаштирилган нархларда берилмаётганлигини айтишмоқда.
Ҳукуматга таклиф киритилса, давлат, хусусий заправкаларни ажратмасдан ҳаммага бир хил нархда беришни йўлга қўйиш лозимлигини айтиш керак. Очиғи, АИ-80 бензин билан боғлиқ жараён “бардак” бўлиб кетяпти, бирорта ваколатли идоранинг назорат қилаётгани сезилмайди.
Президентимиз куни кеча ўтказилган йигилишда “АИ-80 маркали бензин нархини тушириш учун 1 мартгача жорий этилган акциз солиғидан озод қилиш имтиёзи жойларда “ўйинга айланиб кетмаслиги” кераклиги бежиз айтмаганлигини бугунги жараёнлар яна бир бор кўрсатмоқда. Яъни мазкур жараёнга ўйинга айланиб бормоқда.
Аҳоли билан суҳбатларда барча кишилар мазкур жараён қатъий назоратга олиниши, белгиланган тартибларга амал қилмаганларга қатъий чоралар кўрилиши ҳам хусусий, ҳам давлат заправкаларида АИ-80 бензин бир хил нархда сотилишини йўлга қўйилиши керак, деган фикрни билдирмоқда.
Вилоятда бошқа маркадаги бензинлар бемалол сотилмоқда. Уларга деярли навбатлар йўқ.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА