Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узумнинг ўзидан кўра, майизини сотиш фойдалироқ — Узумчиликда олғир оила
11:58 / 2022-08-23

Юртимизда азалдан узумчилик соҳасида ўзига хос маданият, тажриба ва малака шаклланиб келган.

Қай бир ҳудудга борманг, деярли барча хонадонда, албатта, сўлим сўрилар ҳовлиларга соя-салқинлик бахш этаётганини, токларда узумнинг турли навлари кўзингизни яшнатиб, осилиб турганини кўрасиз. Гектарлаб ер майдонларида тонналаб етиштирилаётган узумлар эса ёздан токи кеч кузгача, ҳатто қаҳратон қишда ҳам дастурхонларимизни тўлдириб, танимизга шифо улашади.   

Мамлакатимизда узум етиштириш бўйича биринчи ўринда турадиган Самарқанд вилоятида узумчилик соҳасида катта тажриба мавжуд. Узумчиликка ихтисослашган кўплаб туманлар аҳолиси билан суҳбатлашиб қолсангиз, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир инсон деҳқончилик ва боғдорчиликнинг бу йўналиши ҳақида миридан сиригача сизга тушунтириб беради. Эрта баҳорда ток очишдан бошлаб уни парваришлаш, суғориш, қайси пайт ўғит бериш, қандай қилиб хомнарт қилиш, ҳосилга киргандан кейин қанақа эътибор керак — барини яхши билишади.

Буёғи узум пишиб етилганда, уларни авайлаб узиб олиш, сарагини саракка, пучагини пучакка дегандай, қорасини қорага, қизилроғини қизилга, майдасию-йиригини, иригию-чиригини ажратиб саралаш ва майиз тайёрлашнинг ҳадисини олишган. Хуллас, эрта баҳордан то кеч кузда ҳосилдан бўшаган токларни қирқиш ва кўмишгача бўлган мунтазам давом этадиган жараёнлар ҳақида узумчи деҳқонларнинг барчаси — ҳар бир оила вакили жуда яхши билишади.   

Иштихон туманининг гектарлаб ер майдонларида ҳам узумзорлар ястаниб ётади. Меҳнаткаш аҳоли кенг дала майдонларида эрта баҳордан кеч кузга қадар узум парвариши билан машғул. Чунки аксарият аҳолининг асосий даромад манбаи ана шу деҳқончилик ортидан, узум ва майиз етиштиришдан келади. 

Туманнинг “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғини  Шайх ул-Ислом қишлоғида истиқомат қилувчи Жалол ота Жиянов ҳам қарийб 30 йилдирки, оилавий тарзда узумчилик ва майиз тайёрлаш билан шуғулланади. Оиланинг асосий даромади бўлган узумзорда тонгдан тунгача иш билан бўлишади. 

Айни кунларда бутун оила вакиллари бор куч ва ғайратини, энергиясини узумзорга қаратган — пешона тери ва ҳалол меҳнати билан етиштирган узумларни узишмоқда.  

—  Болаларимиз ҳали кичкина пайтида ток экиб, боғ ярата бошлаганмиз, — дейди Қандимгул ая Жиянова. — Дастлабки йилларда ҳам малака ва уқувимиз камроқ бўлгани, ҳам ёрдамчимиз йўқлиги боис фақат узумни етиштириш ва  сотиш билан кифояланганмиз. Йиллар ўтгани сари узумчилик ва майиз тайёрлаш борасида тажрибамиз, билганларимиз ортиб борди. Чунки кўп аҳоли вакиллари, қариндошларимиз узумчилик билан машғул бўлиб, узумзор боғлар кенгая бошлади. Бировдан уни, бировдан буни эшитиб, кўриб, ўрганиб, йилдан-йилга мўл ҳосил оладиган бўлдик. Фарзандларимиз вояга етиб, бизга елкадош бўлди, қўлимиздан ишни, меҳнатни олишди. 

Аста-секин майиз тайёрлашни йўлга қўйдик. Узумни ўзини сотишдан кўра, бироз меҳнати кўп ва оғир бўлса-да, майиз қилиб сотиш фойдалироқ эканини англадик. Агар яхши меҳнат қилинса, узумнинг нави яхши бўлса, суви ва ўғитини ўз вақтида бериб, парваришлаб турилса, 1 гектар узумзордан 10-13 тоннагача узум олиш мумкин. Одатда 4 кило узумдан 1 кило майиз ҳосил бўлади. Демак, 1 гектар узумзордан 2,5-3 тоннагача майиз олиш мумкин. Узум етиштириб, унинг фойдасини кўра бошлаганимиздан сўнг 1 гектар боғимизни яна кенгайтиришни ният қилдик. Ярим гектардан ортиқ ер олдик. Ер нотекис бўлгани учун уни текислатишга, тупроқ унумдорлигини оширишга анча-мунча харажат қилган эдик. Мана, бу йилдан янги узум боғимиз ҳам деярли тўлиқ ҳосилга кирди, яхшигина ҳосил олдик.  

Бугунги кунда узумчилик ва майиз тайёрлашнинг орқасидан кўпчилик одамлар ўзини ўнглаб, фаровон турмуш шароитига эга бўлмоқда. Шукрки, биз ҳам ана шу ҳалол меҳнатимизнинг самарасидан 2 ўғлимизни уйлантирдик, 2 қизимизни узатдик. Бу йил кенжа ўғлимизни уйлантириш ниятида турибмиз. Яратганинг берган ризқи чин бўлсин, бу йилги ҳосилимиз ҳам шунга яраша жуда яхши чиқяпти. Тўй ташвишлари олдидан сифатли ва мўл-кўл ҳосилимизни кўриб, кўзимиз қувоняпти. Юртимиздаги барча деҳқон ва боғбонларнинг ҳосили мўл ва баракали бўлсин, — дейди онахон.

Бугун узумчилик билан шуғулланаётган ҳар бир оилавий деҳқон ва фермерлар учун энг муҳим ҳал қилувчи палла. Узумлар ғарқ пишиб етилган айни дамда уни нобуд қилмасдан узиб олиш, саралаб, майиз учун илиб ёки ёйиб, қуёшнинг иссиқ тафти аримасдан қуритиб олиш энг биринчи галдаги масала.  

Шунинг учун Жалол ота ва Қандимгул онанинг ҳам қўлидан юмуш келадиган ҳар бир оила аъзолари борки, узумзорда иш билан банд. Ҳатто энг кичик невараларнинг ҳам узум боғида ўз юмуши бор — узумдан бўшатилган идишларни узум узувчига олиб бориб бериш, хирмонга ёйилиши керак бўлган ҳосилни авайлаб ёйишга ёрдамлашиш, чанқаган ҳашарчиларга сув узатиб туриш каби ишлар уларнинг зиммасида.   

Майиз тайёрлашнинг сир-асрорлари, тартиб-қоидалари ҳақида ҳам қизиққан эдик, аммо бунинг ўзи алоҳида бир мавзу экан. Майиз учун ажратилган узумларни қуритишга илиш, ёйиш, йиғиб олиш ҳамда уларни тозалаш ҳатто куз ва қиш мобайнида давом этадиган машаққатли меҳнат жараёнлари экан. Бозордан тайёр майизни сотиб олиб ер эканмиз, ҳар бир майиз деҳқоннинг қўлидан бирма-бир ўтишини хаёлимизга ҳам келтира олмаймиз... 

Узум ва майизни даладан дастурхонимизгача келадиган жараёни деҳқон ҳамда фермерларимизнинг, қанчадан-қанча ишчи-меҳнаткашларнинг оғир ва машаққатли меҳнати самарасидир. Шундай экан, бобо деҳқон ва боғбонларнинг ҳосилига, хирмонига барака ёғилаверсин, дастурхонларимиз тўкин-сочин, ризқи насибамиз мўл-кўл бўлаверсин, деб ният қиламиз. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА