Боғдорчилик, хусусан, узумчилик азалдан халқимиз бандлигини, фаровон яшашини таъминлаб келган соҳа. Айни вақтда республикамизда мазкур тармоқнинг янги истиқболлари очилмоқда.
Президентимиз раислигида 2021 йил 7 июль куни узумчиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантацияларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Юртимиз узум навларининг миллий брендини яратиб, хорижда тарғиб этиш ва экспортни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш йўлида ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, фермер хўжаликлари томонидан 850 гектар узум боғлари ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, ҳудудларнинг иқлим шароити, аҳолисининг тажрибасидан фойдаланиб, маҳаллаларда узумчилик ривожлантирилмоқда.
Туман ҳокими ва ёрдамчиларининг маҳаллабай ўрганишлари асосида бўш майдонлар, тупроқ ва сув борасидаги имкониятлар таҳлил этилган эди. Ушбу имкониятлардан келиб чиқиб "Ғайрат" маҳалласида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 20 гектар майдон кооперация асосида интенсив узум боғлари ва орасида 5 гектар иссиқхона ташкил этиш учун танлаб олинди. Бунда иш билан банд бўлмаган 120 нафар талабгор фуқарога участкалар ажратиш, жами 240 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Соҳа мутахассисларининг тавсияси асосида узумзорларга бозорбоп “Ризамат ота”, “Суғдиёна”, “Ҳусайни” навлари жойлаштирилади. Интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш харажатлари учун тижорат банклари орқали белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар ажратилади.
– Пискентлик миришкорлар кўпчиликни ташкил этади, – дейди туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари А.Абдуллаев. – Ток ораларига қулупнай ёки тўқсонбости экинлари экиб, ердан йилига 3-4 мартагача даромад олаётган боғбонлар тажрибасини оммалаштириш зарур. 20 сотих майдонга узум боғ ҳамда боғ ичида иссиқхона ташкил этилганда, 1-2 йилда 60 миллион сўм, 3-йилда эса 110 миллион сўм даромад олиш имконияти бўлади. Бу бир оиланинг 2-3 нафар аъзосини иш билан таъминлаш билан бирга, яхшигина даромад кўриб, тўкин яшашига ҳам замин яратади.
Халқимизда “Ишонган боғинг, суянган тоғинг бўлсин”, деган ибора бежиз айтилмаган. Меҳнат қилган, ташаббус кўрсатган одам эса тўкин ҳаётга эришади.
А.Мусаев, ЎзА