Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узумчилик соҳасини ривожлантиришда Европа Иттифоқи давлатлари тажрибаси оммалаштириш
17:00 / 2022-02-10

Сўнгги йилларда мамлакатимизда узумчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жаҳон бозори талабларига мос, совуққа чидамли узум навларини кўпайтиришга бўлган талаб ва таклиф ушбу ташаббуснинг самарасини белгилайди. Бу борада эса халқаро ҳамкорлик шубҳасиз энг мақбул ечимдир.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан агентликнинг малакали мутахассислари, республикада номдор узум кўчатини етиштирувчилар, хусусий тадбиркорларнинг бир гуруҳи тажриба алмашиш ва янги навларни кўпайтириш мақсадида Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларида бўлиб қайтдилар. Хусусан, Венгрия, Италия, Голландия, Испания мамлакатларида жойлашган илмий муассасалар ва хусусий ишлаб чиқариш секторида тажриба орттириб, чет эллик мутахассислар билан фикр алмашилди. Шу билан бирга, қатор соҳага оид масалаларда шартномалар имзолашга эришилди.

Ўрганишларнинг дастлабки куни Венгрия давлатининг Кечемет ҳудудидаги Узумчилик ва энология илмий тадқиқот институтига ташриф уюштирилди. Делегация мутахассислари бу ерда узумчилик лабораторияси фаолияти, яратилган янги венгер узум навлари ва изоляция иссиқхонаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Учрашувда Венгриянинг етакчи профессор олимлари, малакали мутахассислари билан очиқ мулоқот ўрнатилди. Венгрияда ҳозирги кунга қадар жами 60 минг гектар узумзор мавжуд бўлиб, шундан 55 минг гектари саноатбоп узумзорларни ташкил этиши барчани ҳайратга солди.

Венгрия олимлари томонидан яратилган узум клонларидан 6 та саноатбоп, 8 та пайвандтагларни юртимизда илмий тадқиқотлар мақсадида ўрганиш ва кейинчалик кўпайтиришга келишиб олинди. Шунингдек, Венгрия олимларини мамлакатимизга узумчиликда селекцияни янада ривожлантириш мақсадида жалб этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Делегациянинг Италия давлатига қилган ташрифи бу соҳада айнан ушбу мамлакатдан ўрганилиши лозим бўлган жиҳатларнинг кўплиги, қолаверса, икки мамлакат иқлимининг бир-бирига анчагина яқинлиги билан ҳам диққатга сазавор бўлди. “CIVI Italy” кўчатчилар федерацияси ҳамкорлигида CAV кўчатчилар уюшмаси фаолияти ўрганилди ҳамда келгусида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш борасида фикрлар алмашилди. Уюшма томонидан делегация аъзоларига тақдимот ва уюшма лабораторияси, консервация маркази фаолияти яқиндан таништирилди. Шу ўринда айтиш мумкинки, Уюшма таркибига 26 та кўчатхона бириктирилган бўлиб, айнан сертификатланган кўчатлар тайёрланишини назорат қилиб бориш ва уларга энг юқори сертификатлаш тизимини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиши белгиланган. Шунингдек, уюшмага қарашли вирус ва патоген касалликларни аниқлаб беришда фойдаланадиган энг сўнгги жиҳозлар билан таъминланган лабораториянинг мавжудлиги ушбу соҳа кўчатчилигида замонавий лабораторияларнинг ўрни алоҳида эканлигини кўриш мумкин. Ўз навбатида, ушбу ўта замонавий ва барча қулайликларга эга лабораторияда бўлган мутахассисларимиз томонидан узумда учрайдиган касаллик ва замбуруғларни тезкор аниқлашда ишлатиладиган замонавий асбоб-ускуналар ва методлар борасида ўзаро маълумот алмашдилар. Бундан ташқари, номдор ташкилотлар Vitro-Plan ин-витро лаборатория, Dalmonte ин-витро лаборатория кўчатчилик корхонаси, Vivai Righi кўчатчилик корхонаси фаолиятлари билан танишилди ва ўтказилган учрашувлар самарали якунланди.

Малумот учун, Италиянинг қишлоқ хўжалигида жами 716 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилган бўлиб, шундан 701 минг гектарда саноатбоп узум навлари ташкил этади. CAV уюшмаси ген банкида жами 175 турдаги узум навлари мавжудлиги аниқланди. CAV уюшмаси билан келишув асосида кичик миқдорларда ин-витро шароитида кўпайтирилган узум навлари ва пайвандтакларини Ўзбекистонга шартнома асосида етказиб беришга тайёр эканлигини билдирди.

Италиянинг MIVA (Moltiplicatori italiani viticoli associati – Калабриянинг узум кўчатчилиги уюшмаси) уюшмаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди. Диққатга сазавор жиҳати, MIVA уюшмасига 13 та кўчатчилик корхоналари аъзо бўлиб кирган. MIVA уюшмаси билан Агентлик ўртасида яқиндан ҳамкорлик қилиш масалалари яқиндан ўрганилди ва соҳага оид ҳамкорликдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ташриф давомида Голландиянинг Viscon Group кўчатларни тайёрлашда оғир қўл меҳнати ишларни автоматлаштириш линияларини ишлаб чиқарувчи компанияси билан қатор келишувларга эришилди. Жумладан, Қўрғонтепа туманидаги “In vitro trade” МЧЖ компанияси билан ин-витро шароитида йиллик 1,5 млн дона кўчатларни кўпайтириш қувватига эга замонавий ин-витро лаборатория асбоб-ускуна ва бино иншоат чизмасини етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. Ушбу келишув ҳам ўз навбатида узумчилик соҳасини ривожи учун ўта муҳимдир. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, лаборатория ўз навбатида, иқлим ва кўчат етиштиришдаги замонавий қулайликларга эгалиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Ташриф давомида делегация аъзолари Испания давлатининг Дон Бенито ҳудудида жойлашган Provedo компанияси фаолияти билан яқиндан танишишди. Компания 1926 йили ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ин-витро шароитида кўпайтирилган ток кўчатларини дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатларига ҳар йили 5 млн. дона пайвандланган кўчатларни экспорт қилиши билан эътиборга моликдир. Ушбу оилавий кўчатчилик компанияси 200 гектар майдонда ўз кўчатчилик фаолиятини олиб бормоқда.

Маълумот учун, Испания давлати бугунги кунда дунёда узум майдонлари катталиги жиҳатдан биринчи ўринни эгаллаб жами 1,2 миллион гектар майдонни ташкил этади. Бугунги кунда 80 га яқин саноатбоп, 10 га яқин пайвандтаклар, 30 дан ортиқ хўраки навлари етиштирилади. Ўртача бир фермер хўжалигига узум плантациялари 120 гектар майдонни ташкил этади.

Олиб борилган музокаралар натижасида тадбиркорлик субъектлари томонидан 15 та дунё бозорида машҳур саноатбоп навлар, 14 та уруғсиз ва эртапишар хўраки ва кишмишбоп навлар, 8 та совуққа, қурғокчиликка, оҳактошли ва нам ерларга чидамли узум пайвандтакларини ин-витро шароитида кўпайтирилган стерилланган идишларда Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича 3 та икки томонлама шартномалар имзоланишига эришилди.

Ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад юртимизда барпо этилиши кўзда тутилган узумзорларга келгуси йилларда саноатбоп узумларнинг жаҳон бозорида талабгор бўлган навлари, хусусан, Albarinho, Cabernet Sauvignon, Grenache Noir, Alicante Bouchet, Godello, Graciano, Syrah, Tempranillo, Macabeu, Merlot, Pinot Noir, Chardonnay, Sauvignon Blanc, Airen, Verdelho, хўраки ва кишмишбоп навлардан эса Italia, Mouscat Hamburgo, Mouscat Dʼalexandrie, Red Globe, Centenial Seedless, Alphonse Lavallee, Cardinal, Autumn Royal, Superior Seedless, Crimson Seedless, Flame Seedless, узум пайвандтакларидан эса Richter 110, SO 4, 1103-Paulsen, 140 Ruggeri, 196-17 Castel, 420-A De Millardet Y Grasset, 41-B Millardet, 5 AMZ лабораториясида “In vitro” шароитида кўпайтириш ҳамда кенг кўламда деҳқон-фермерларга қулай нархларда етказиб берилишини йўлга қўйишдир.

Юқорида номлари келтириб ўтилган саноатбоп узум навлари бугун дунё бозори талабларига жавоб берадиган мускат таъмига эгалиги ва ундан юқори сифатли оқ ва қизил хўраки вино маҳсулотлари тайёрланиши билан диққатга сазовор. Хусусан, нафақат сифатли вино маҳсулотларини тайёрлаш, балки бу орқали кенг кўламли экспорт натижасига ҳам эришиш мумкин.

Шу ўринда узумнинг хўраки навларига тўхталадиган бўлсак, ўзининг йирик доналиги, уруғсизлиги, юқори транспортабеллик хусусияти билан ажралиб туради. Бундан ташқари, ушбу узум навларининг совуққа чидамлилиги бу нур устига аъло нурдир. Ушбу қулайлик орқали бободеҳқонларимизнинг кузги ток танасини кўмиш ва эрта баҳорда очиш каби катта меҳнат ва сармоя талаб қилинадиган, ҳақли равишда айтиш мумкинки, энг катта муаммолари ўз ечимини топади. Қолаверса, ток танаси ва шоҳларининг ҳам бу жараёндаги «стресс» ига чек қўйилади.

Умид қиламизки, миллий қадриятимизга айланган узумчилик соҳасини замонавий усулда ёндашилган ҳолда ривожлантириш борасида ташланган ушбу қадамлар албатта ўз ҳосилини беради. Биз мутасадди ташкилот бу борада изланишдан ҳамда ташаббускорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан тўхтамаймиз.

Дилбар Сиддиқова,

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини

тартибга солиш ҳамда виночиликни

ривожлантириш агентлиги матбуот котиби