Юртимизнинг ўзига хос иқлими, табиати, серқуёшлиги заминимизда етиштириладиган мева ва сабзавот маҳсулотларининг ўзгача таъмга эга бўлишини, хушхўрлигини таъминлайди. Бу эса юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжни оширади.
Халқимизнинг асрлар давомидаги деҳқончилик маданиятининг ажралмас, муҳим қисми бўлган узумчилик соҳасидаги тажрибаларимиз сўнгги йиллардаги амалий чора-тадбирлар натижасида янада бойитилмоқда. Узумчилик соҳаси тобора ривожланиб боряпти, янги ва сермаҳсул, саноатбоп узум навлари кўпайтирилмоқда, узумчилик билан шуғулланиш истагидаги деҳқон ва фермерлар, оилавий тадбиркорлар сони ортаётир.
Тўғрида, узумчилик сермаҳсул, сердаромад соҳа. Энг муҳими, ота-боболаримиздан мерос, асрлар давомида ривожланиб келаётган боғдорчилик усули, болалигимиздан ҳовлимизда соя солиб турган сўритокларнинг парваришланишини кўриб улғайганимиз —ўзимизга таниш бўлган меҳнат.
Ҳар йили ёзда ота уйимга борганимда, баланд сўриларда ястаниб ётган қалин пояли токларни кўриб, кўзни қувонтириб осилиб турган узумлардан татиб, отамнинг йиллар давомидаги меҳнатлари маҳсули бугун невараларни ҳам баҳраманд қилаётганидан фахрланаман, бу қалин токпояларда кўп йиллик меҳнат ётгани бирма-бир кўз олдимдан ўтади...
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан узумчиликни янада ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилиб, бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия ва солиқ имтиёзлари тақдим этилмоқда. Натижада узум етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида қувонарли марралар бўй кўрсатмоқда.
Шу ўринда узумчилик билан боғлиқ айрим маълумотларга эътибор қаратсак: дунё бўйича 7 миллион 300 минг гектар узумзорлар мавжуд бўлиб, 1990 йилга нисбатан 700 минг гектарга камайган. Бироқ, ялпи ҳосил 77,5 миллион тоннани ташкил этиб, 130 фоизга ошган. 2025 йилга бориб эса 90 миллион тонна бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу дунё узумчилигида интенсив технологиялар ҳисобига ҳосилдорлик ошиб бораётганлигини англатади.
Статистик маълумотларга кўра, узум майдонлари бўйича Испания, Франция, Хитой, Италия, Туркия етакчи 5 мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Ўзбекистон 181 минг гектар узум майдонлари билан 7-ўринни эгаллаган. Ҳосилдорлик бўйича эса Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, ЖАР, Ўзбекистон етакчи ҳисобланади. Биргина ўтган 2022 йилда юртимизда 1,8 миллион тонна узум етиштирилган. Бу эса 2021 йил билан солиштирилганда, 3,9 фоизга ошган.
Эътироф этиш жоизки, узумчиликни ривожлантириш учун мамлакатимизда етарли салоҳият мавжуд. Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021-2023 йилларда 48 та узумчиликка ихтисослашган туманларда 106 минг гектар узумзор барпо этилди. Шундан 75 минг гектари хўраки, 27 минг гектари кишмиш, 9 минг гектари саноатбоп узум ҳисобланади.
— Узум етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиб, юқори даромад олиш учун, албатта, илм, тажриба ва инновация керак, — дейди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги бошқармаси бошлиғи Акмал Мирзаев. — Бу борада Европадан 34 та янги, данаксиз узум навлари келтирилди. Масалан, хўраки ва кишмишбоп навлардан Italia, Centenial Seedless, Superior Seedless, Crimson Seedless, саноатбоп навлардан Albarinho, Cabernet Sauvignon, Tempranillo, Merlot, Chardonnay,пайвандтаглар Richter 110, S04, 41-В Millardet кабилар олиб келинди. Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 3 йилда 183 млрд сўм субсидия ажратилди. Жумладан, томчилатиб суғоришга 1 гектар учун 8 млн сўм, сув чиқаришга ҳар 1 метрга 600 минг сўм (120 млн сўмгача), лойиҳалашга 10 млн сўмгача, муқобил энергия ускуналари учун 100 млн сўмгача, “in-vitro”да етиштирилган 1 дона кўчатга 5 минг сўм, табиий винога 5 минг сўм, майиз қуритиш ва қадоқлаш линиялари ва виночилик ускуналари харид қилиш харажатларининг 20 фоизи миқдорида (300 млнгача) субсидия берилади.
Узумчиликни янада ривожлантириш учун келгусида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, 2023 йилда 86,6 минг гектар, 2024 йилда 87,4 минг гектар узумзор барпо этиш, ҳар бир вилоятда “in-vitro” лабораторияларини ташкил этиб, узум кўчатлари ва янги навлар етиштириш, узумни қайта ишлашда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, янги инновациялар, узумчилик ва виночилик туризмини ривожлантириш, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳрида ертўлаларда узумчилик ва виночилик музейларини ташкил қилиш каби улкан мақсадлар кўзланмоқда. Соҳадаги чора-тадбирлар натижасида 2027 йилга бориб қўшимча 3,1 миллион тонна узум етиштиришга, экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга эришиш мумкин, — дейди Акмал Мирзаев.
Дарҳақиқат, узумчилик соҳасида самарадорликка, юқори ҳосилдорликка эришишда тўхтовсиз изланиш, меҳнат, инновация ва илм-фан ютуқларини, замонавий усулларни қўллаш муҳим ўрин тутади. Узум етиштириш, парваришлаш ва экспорт қилиш борасида тажриба алмашишга қаратилган амалий чора-тадбирлар эса бугун ўз самарасини бераётир.
Республикамиз ҳудудларида узумчилик ҳадисини олган кўплаб боғбонлар, деҳқон ва фермерлар турли узум навларини етиштириб, мўмай даромад топишмоқда. Бир пайтлар пахтазор бўлган ёхуд унумли фойдаланилмай келаётган ерларда катта токзорлар, поёнсиз узумзорлар ташкил қилинмоқда. Натижада минглаб янги иш ўринлари яратилиб, ҳудудлар аҳолиси ишли ва даромад манбаига эга бўлишаётгани қувонарлидир.
Соҳадаги ўсиш ва ривожланиш, ўз навбатида, узум ва майиз экспортининг ошишига ҳам туртки бўлаяпти. Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида 32,9 минг тонна қуритилган узум хорижий давлатларга экспорт қилинган.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қарорлари, топшириқлари асосида узумчилик соҳаси тобора ривожланиб, кенгайиб бормоқда, асрий анъаналаримиз, миллий ва замонавий тажрибаларга таянган ҳолда тараққий этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА