Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узум ўзимизнинг боғдан
12:34 / 2015-08-05

Таҳририятга одатдагидан вақтлироқ келиб кундалик ишлар режасига кўз ташлаб ўтирганимда хонамга ҳамкасбим Акром ака кириб “Шундай муқаддас юртда туғилганимга минг шукр”, деди кўзлари қувнаб.

Таҳририятга одатдагидан вақтлироқ келиб кундалик ишлар режасига кўз ташлаб ўтирганимда хонамга ҳамкасбим Акром ака кириб “Шундай муқаддас юртда туғилганимга минг шукр”, деди кўзлари қувнаб.

Ҳамкасбимнинг жуда таъсирчанлигини яхши билсам-да, табиатан босиқ инсон бўлгани боис унинг дабдурустдан бундай дейиши бежиз эмаслигини тушуниб, унга юзландим.

– Мустақиллик байрами олдидан ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдо ярмаркалари ҳақида маълумот олиш ва нарх-наво билан танишиш мақсадида йўл-йўлакай бозорга тушдим, – дея сўзида давом этди Акром ака. – Тўғриси, расталардаги турли ноз-неъматлар, катта-катта юк машиналаридан туширилаётган мева-чева, қовун-тарвуз, сабзавот маҳсулотларини кўриб, кўзим тўйди, кўнглим тўлди. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Нархи арзон. Аслида, бозорда сотувчи ва харидор қаттиқ савдолашади, талашиб, тортишади. Лекин нархнинг арзонлиги туфайли кўпчилик савдолашаётгани йўқ. Деҳқон айтган баҳода маҳсулотни харид қиляпти. Бежирим елим саватчаларда ток барглари билан бирга териб қўйилган қоп-қора кишмиш узумни кўриб, ҳавасим келди. Беш минг сўмга икки кило олдим. Қаранг, саломатлигимиз учун зарарли сигарету турли бўёқ ва концентратлардан иборат бир литр ичимлик тўрт-беш минг бўлиб турганда, ҳеч қандай зарарсиз, аксинча, кони фойда бўлган тўйимли ва витаминларга бой узум ва бошқа меваларнинг бир килосини икки-уч минг сўмга олиш мумкин. Табиатнинг бизга бебаҳо инъоми-да бу. Энди тандирдан узилган иккита нон ҳам олдим. Юринг, бирга тамадди қиламиз.

Суҳбат чоғида куни кеча вилоят иқтисодиёт бош бошқармасидан олинган маълумотлар ҳақида гапирдим.

Статистик маълумотларда қайд этилишича, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида Самарқанд вилоятида 30 минг гектарга яқин токзор бўлиб, ҳосилдорлик 53,6 центнерни ташкил этган. 2014 йилда эса токзорлар 40 минг гектардан ортиб, ўртача 135 центнердан ҳосил олинган. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 168 гектар янги токзор яратилди, 730 гектари реконструкция қилинди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ғоят истиқболли йўналиш сифатида қаралаётган интенсив боғдорчилик тажрибаси токзорлар яратишда ҳам қўлланилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурлар асосида вилоятнинг Самарқанд, Жомбой, Булунғур, Ургут, Тайлоқ туманларида мева-сабзавот, ток ва боғдорчилик бўйича юзлаб лойиҳалар амалга оширилаётир.

Кейинги беш йилда вилоятда узум етиштириш 3 баробар ошган. Ўтган йили вилоят бўйича қарийб 500 минг тонна узум тайёрланган. Айни пайтда ушбу миқдордаги маҳсулотни ички бозорга ва экспортга чиқариш, сақлаш ва қайта ишлаш учун барча имкониятлар мавжуд. Вилоятда узум, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини сифатли сақлаш қувватига эга ўнлаб музлаткичли омборхоналар ишлаб турибди. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда узумни қуритиш ва қайта ишлаш корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Бу борада айниқса Самарқанд туманида олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Туманда мавжуд тўрт юздан ортиқ фермер хўжалигининг аксарияти узумчилик билан шуғулланади. Айни пайтда улар ихтиёрида 3 минг 896 гектар токзор мавжуд. Жорий йилда 663 гектар майдонда янги токзор яратилиб, парваришланмоқда.

– Президентимизнинг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришга оид қарорлари қабул қилинган, – дейди Самарқанд тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Некрўз Ҳақбердиев. – Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни янада ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур дастур асосида туманимизда ҳам токзорларни кенгайтириш ва мавжудларида ҳосилдорликни ошириш, интенсив технологиялардан фойдаланиш, маҳсулотни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг натижасида бугун туманда йилига эллик минг тоннадан зиёд узум етиштирилмоқда. Маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослашган ўндан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Йил якунига қадар яна учта музлаткичли омборхона қурилиши режалаштирилган. Бу йил баҳор ойларидаги табиат ноқулайликларига қарамай боғбонларимизнинг агротехник тадбирларни оби-тобида бажариши эвазига токзорларимизда мўл ҳосил етиштирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фермерлар 3 минг 233 гектар токзордан 161 центнердан узум олишни мўлжаллаган. Маҳсулотнинг қарийб 37 минг тоннаси ички бозорга йўналтирилса, 2 минг тоннасини экспортга чиқариш, 12 минг тонна узумни қайта ишлаш корхоналарига топшириш режалаштирилган. Қарийб 1000 тонна маҳсулот пойтахтимиз, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги қишлоқ хўжалик савдо ярмаркаларига етказиб берилади.

Шу йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси томонидан Самарқанд туманида узумчиликни ривожлантириш, мавжуд токзорлар самарадорлигини ошириш ва янгиларини барпо этишда илғор агротехнологияларни амалиётга кенг жорий этиш масалаларига бағишланган республика семинари ўтказилиб, тадбир қатнашчилари мазкур йўналишда туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. “Абдурауф Давронов” фермер хўжалигининг янги ташкил этилган ўн гектар токзори парвариши ва ток қатор ораларида сабзавот маҳсулотлари экиш тажрибаси семинар қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Ушбу майдондаги ток қаламчалари ўтган йил ноябрь ойида экилган, – дейди “Абдурауф Давронов” фермер хўжалиги бошлиғи Абдуғаффор Давронов. – Баҳорда улар тўлиқ амал олиб, барг ёзди. Иккинчи йилдан бошлаб нишона берса-да, ток асосан учинчи йилдан ҳосилга киради. Шунинг учун биринчи ва иккинчи йилда ток қатор орасида экин экиш мумкин. Ҳозир янги токзорда картошка, пиёз, бодринг, лавлаги ва бошқа сабзавот экинлари етиштирмоқдамиз. Бу экинларни суғориш ва ишлов бериш ток ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Келгуси йилда ток қатор ораларига сим тортиб, новдаларни кўтарамиз ва ҳосилга тайёрлаймиз. Чунки токни симга кўтариш ҳосилдорликни ўттиз-қирқ фоизга ошириш ва сифатли узум олиш имконини беради. Ҳозир мавжуд 19 гектар майдондаги токзорда ана шу усулда узум етиштирилмоқда. Ҳосилдорлик ўртача икки юз центнерни ташкил этаётир.

Эл орасида “узумини енгу, боғини суриштирманг”, деган ҳазиломуз гап бор. Айнан шу соҳага тегишли бўлмаган ва бошқача маъно-мазмун касб этадиган бу гапнинг моҳиятини бироз ўзгартириб, “узумини енгу, боғини ҳам суриштиринг”, деб қўлласак жавоб қуйидагича бўлиши табиий: УЗУМ ЎЗИМИЗНИНГ БОҒДАН, СЕРҚУЁШ ЮРТИМИЗНИНГ ТАБАРРУК ЗАМИНИДАН.