Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узум уруғидан янги препарат
17:03 / 2026-01-20

Фарғона вилоятида узумчилик тармоғининг ривожи, яратилган янги навларнинг ширадор ва узоқ вақт сақлашга яроқлилик сифатлари республикамиз оша хорижий мамлакатларда ҳам ном қозонган. Олтиариқнинг дунёга машҳур узумлари етиб бормаган жой қолмаган, ҳисоб. Аҳоли ҳар йили минглаб тонна узум истеъмол қилади, узум корхоналарда қайта ишланиб, турли хил маҳсулотлар тайёрланади. Бу мўъжизавий неъматнинг уруғи эса ташлаб юборилар эди. Ундан қай тарзда фойдаланса бўлади?

 Фарғона давлат университети олимларининг ана шу савол устида олиб борган тўрт йиллик илмий изланишлари натижасида янги препарат яратилди.

– У тўлиқ синовдан ўтди, ишлаб чиқариш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гувоҳнома ва рухсатномаси олинди, – дейди Фарғона давлат университети кимё кафедраси катта ўқитувчиси Ҳикматулло Абдуқундузов. – Биз узум уруғини қайта ишлаб, одамларга фойдаси тегадиган препарат ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширдик.

Ёш олим ўз тадқиқотларида узум уруғи ёғининг фойдали хусусиятларини аниқлади. Бу мойни тиббиёт соҳасида, хусусан, тери парваришида қўллаш мумкин.

Препарат тери касаллигидан азият чекаётган беморлар учун фойдали, яъни у терини битказувчанлик хусусиятига эга. Бундан ташқари, қон-томир касалликларини даволаш ва олдини олишда қўлланилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, узум уруғи ёғи қон айланиши, иммунитет тизимини яхшилайди, юрак хасталиклари хавфини камайтиради Қандли диабет касаллигида қўл келади ҳамда бошқа кўплаб фойдали хусусиятларга эга, – дейди Ҳикматулло.  – Вилоятимизда йилига ўртача 500-1000 тонна узум уруғи қолдиғи пайдо бўлади. Биз 500 тонна уруғни қайта ишлаб, ундан мой ажратиб олиш технологиясини йўлга қўйдик. Бунинг учун умумий қиймати 1 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилди. Университет раҳбарияти томонидан лойиҳа тўлиқ молиялаштирилди.  

Айни пайтда ишлаб чиқариш жараёни амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, хориждан янги технологиялар олиб келинди. Тадқиқотчилар учун алоҳида иш жойи ажратилди. Бу ерда узум уруғлари ювилиб, тозаланади ва ишлаб чиқариш жараёнига ўтказилади. Янги технология бир суткада 800 килограмм узум уруғидан мой ажратиб беради. Ёғ олингандан сўнг яна бир технология уни фильтрлайди. Қолдиғидан чорва ҳайвонлари учун озуқа сифатида фойдаланилади. Шунинг ҳам айтиш керакки, чиқиндисини янги биотехнологияларда ёки озиқ-овқат маҳсулотларида ишлатиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Кашф этилган препарат ҳозир ички бозорларга етказиб берилмоқда, ташқи бозорларда эса унга қизиқиш ортмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозим: Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг тонна атрофида узум корхоналар томонидан қайта ишланади. Бу жараёнда 5000 тонна узум уруғи кўринишида ҳосил бўладиган ем чорва ҳайвонларига озуқа сифатида берилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки,, узум уруғидан ёғ олиш учун хомашё тайёрлаш масаласи кўндаланг туради. Нега?

– Корхонамизда йилига ҳосилдорликка қараб 800-1000 тонна атрофида узум қайта ишланади, – дейди Фарғона шаҳридаги “Фергана-Франц” масъулияти чекланган жамияти директорининг молиявий ишлар бўйича ўринбосари Музаффар Маннонов. – Қайта ишланган маҳсулотдан чиққан 6 фоиз миқдоридаги чиқитдан 800 гектар узумзорларимизга ўғит сифатида фойдаланамиз. 1000 тонна қайта ишланган узумдан уруғ кўринишидаги 60 тонна чиқит ҳосил бўлади ва ундан 30 тонна соф уруғ ажратиб олиш мумкин. Фарғона давлат университетига биз 5 тонна узум уруғини тайёрлаб бердик. Аммо айтишим керакки, узум чиқитидан уруғни ажратиб олиш ҳозирча мураккаб жараён ва бу бизга қимматга тушади.  

Бизнингча, узум уруғи тайёрлашнинг янги, замонавий технологияларини жорий этиш бўйича олимлар ва мутахассислар ҳамкорликда иш олиб бориши лозим.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА