Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Узум сайли” ва халқаро виночилик фестивали бошланди (+видео)
18:38 / 2025-08-22

Паркент бугун гўзал хушманзара табиати, энг сара турли боғдорчилик маҳсулотлари билан ўзига чорламоқда. Паркент туманида учинчи бор “Узум сайли” ва халқаро виночилик фестивали бошланди.

Мазкур тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлашдир. Шу билан бирга, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштириш кўзда тутилган. 

Бугунги фестивалда Италия виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, Флоренция Халқаро маркетинг ва вино уюшмаси директори Луциана Цао, Туркия давлатининг Каппадокия университети профессори Халибурак Сакал, шунингдек, Индонезия, Сербия, Россия, Корея, Сингапур, Беларус, Грузия, Озарбайжон каби 30 дан ортиқ давлатлардан олимлар, экспертлар ва соҳанинг йирик намоёндалари иштирок этмоқда.

[gallery-24910]

Фестиваль Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон фермерлар уюшмаси ҳамкорликда ўтказилмоқда. Шу билан бирга, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналаридан вакиллар ҳам таклиф этилган. Сайлга келган меҳмонлар махсус павилонларда барча вилоятлардан ва Тошкент вилоятининг туман-шаҳарларидан келган фермер хўжаликлари, тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан танишмоқда. Бу ерга келаётган хорижлик ва маҳаллий меҳмонлар учун махсус транспортлар ҳам қўйилган.

– Охирги йиллар ҳудудимиздаги узумзорлар тармоқда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли 19 минг гектарга етказилди, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Ж.Бобожонов. – Уларнинг 38 фоизига замонавий сув тежайдиган технологиялар жорий қилинган. Етиштирилаётган ҳосилнинг 40 минг тоннадан ортиғи 11 та давлатга, вино маҳсулотлари эса 9 та давлатга экспорт қилинади. Келгуси 3 йилда вилоятда яна 20 минг гектар ҳосилдор узум плантацияларини яратиш режалаштирилган. 

Фестиваль кун тартибига асосан бир қатор халқаро илмий-амалий конференциялар, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари ўтказилади. Хусусан, “Узумчиликда инновациялар ва агротехнологияларни жорий этилишида Ўзбекистон ва халқаро  тажрибаси” мавзусидаги илмий-конференция ўтказилди.

Шу билан бирга, меҳмонлар учун винолар дегустацияси ва аукционлар ҳам режалаштирилган. Тадбирнинг асосий кечки дастурида эса кўргазмаларни кўздан кечириш ва баҳолаш, фестивалнинг очилиш маросими, концерт дастурлари ҳам намойиш этилади. 

– Мазкур фестивалга қизиқиш хориж давлатларида ҳам ортиб боряпти, – дейди Италия виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи. – Биргина Италия пойтахти Рим, Милан каби шаҳарлардан, Туркия давлатидан бу тадбирга келиш учун авиақатновлар йўлга қўйилди. Умуман олганда, Ўзбекистонда етиштирилган узум жуда ширин ва шунинг учун ҳам ундан тайёрланадиган маҳсулотларга талаб йил сайин ортмоқда. Бу ўз навбатида халқаро бозорда мамлакатингиз бренди остидаги узум маҳсулотларининг нархини оширади. Фестиваль доирасида ташкил этилган илмий конференциялар соҳада фаолият юритаётган олимларни бир жойга жамлади. Бундан катта натижалар олиш мумкин. 

Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилади. Шартномалар ва битимлар имзолаш учун шароитлар яратилган. Бундан ташқари, фольклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастурлар ҳам белгиланган.

Аслида Паркент узумчилик тарихи бевосита шу ерлик Тоживой Ризаев номи билан боғлиқ. Кўп йиллик самарали меҳнати учун ва эл-юрт фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси учун 2001 йилда Тоживой Ризаевга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган. Ҳозирда Заркент аҳлининг ҳар бири тадбиркор. Улар энди ҳар бир қарич ердан, ҳар томчи сувдан унумли фойдаланиб, даромад олишни билади. Заркентликлар энди оддий боғбон эмас, уларнинг ҳар бири сувсиз ерларда узум етиштириш, узумни қайта ишлаш, бир неча ой сақлаш технологияларини мукаммал ўзлаштирган мутахассисдир.

Узумнинг маҳаллий “Ризамат” нави эса дунёга машҳурдир. У Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Самарқанд филиалида Каттақўрғон ва Паркент узум навларини чатиштириб чиқарилган. Соҳибкор Ризамат Мусамуҳамедов шарафига унинг номи билан аталган. 

Умуман олганда, икки кун давом этадиган фестиваль таниқли эстрада юлдузлари, санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан янада файзли ўтади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jmGa9sR3Zng" title="“Uzum sayli” va xalqaro vinochilik festivali boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Мусаев, А.Алижонов (сурат, видео), ЎзА.