Рақамли хизматлар ва онлайн савдо тизимлари ривожланиши баробарида улардан ноқонуний фойдаланишга уриниш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, сўнгги ойларда фуқаролар “Uzum nasiya” номидан қилинган шубҳали қўнғироқлар ҳақида Рақобат қўмитасига кўплаб мурожаатлар йўллаган.
Маълумотларга кўра, номаълум шахслар ****21242 рақамидан қўнғироқ қилиб, “сиз акцияда маиший техника ютиб олдингиз, ютуқни олиш учун идентификациядан ўтинг” деган баҳона билан фуқаролардан телефон рақамига келган SMS-кодни сўрамоқда. Аммо аслида бу ҳаракатлар орқали улар фуқаролар номига муддатли тўлов шартномаларини расмийлаштириб, ҳеч қандай товар етказиб бермаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан тегишли ўрганишлар бошлаган. Унда фирибгарлик йўли билан масофавий молиявий хизматлар кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш, ахборот тизимларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шу мақсадда қўмита “SHAFFOF-MOLIYA” МЧЖ, “UZUM MARKET” МЧЖ ва Марказий банкка тегишли мурожаатлар юборган. Бу ташаббус орқали рақамли хизматлар соҳасидаги хавфсизликни кучайтириш ва фуқароларни киберфирибгарликдан ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда масофавий молиявий операциялар орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатлари нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон миқёсида ҳам кенгайиб бораётгани кузатилмоқда. Шу боис, маълумот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот тизимларидаги камчиликларни тезкор бартараф этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА