Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Uztextileexpo – 2021” пандемиядан кейинги биринчи профессионал саноат платформаси
17:01 / 2021-05-17

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида жорий йилнинг 27-29 май кунлари Ўзбекистон тўқимачилик ва мода саноати учинчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда ушбу кўргазманинг ўтказилиши ва унинг мамлакатимиз тўқимачилик соҳасидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимиз тўқимачилик саноати чет эл инвестицияларини жалб қилиш, маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича етакчилардан бирига айлангани ва бунда ўтказилаётган халқаро нуфузли кўргазмалар амалий аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, “ИCA” Евроосиё халқаро кўргазма компанияси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинг агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган кўргазмада Ўзбекистон, Беларусь, Корея Республикаси, Россия, Тожикистон, Туркия каби мамлакатлардан келган 100 га яқин компания ва корхоналар маҳсулотларини намойиш этади.

Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинг агентлиги директори Абдували Содиқовнинг таъкидлашича, пандемия даврида ҳам мамлакатимиз тўқимачилик корхоналари фаолиятини давом эттирди. Ўтган йилда 50 фоиздан ортиқ тайёр маҳсулот экспортга йўналтирилган.

– "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги  ва Савдо-саноат палатаси расмий ҳамкорларимиз, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова. – Кўргазма экспозицияси тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотларининг барча ассортименти, хусусан, хомашё, пахта ва аралаш иплар, қаттиқ ва тайёр матолар, тўқима матолар, тўқимачилик маҳсулотлари учун аксессуарлар ва материаллар, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ўзида жамлаган.

Таъкидлаш керакки, ушбу кўргазма пандемиядан кейинги биринчи профессионал саноат платформаси бўлиб, у ўзбек кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари, чакана ва улгуржи савдо корхоналари ўртасида тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларини тарғиб қилишда жуда муҳим. Унда қатнашувчиларнинг 90 фоиздан ортиғи тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларидир. "Форестcолор", "Бахт Техтиле Aндижон", "Чуст Техтиле", "Дака-Интех", "Саноат Гилам", "Гулсум–Техтиле" компаниялари кўргазмада илк бор қатнашаётган бўлса, "Елегант Гармент", "Aиша Ҳоме Техтиле", "Само", "Баҳмал Гроуп", "Осборн Техтиле", "Кҳантех", "Самарканд Aппарел", "Бирюза Гроуп", "Идеал", "Хоразм Тех" каби компаниялар  доимий иштирокчилар ҳисобланади.

Шунингдек, кўргазмада Туркия компаниялари, кимёвий толалар ва тўқилмаган матолар ишлаб чиқарувчиси бўлган Беларусь Республикасининг «Светлогорскхимволокно» корхонаси, Россиянинг "Москва" савдо-ярмарка комплекси, Корея Республикасининг “KITECH” технопарки каби хориж корхоналари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзэкспомарказ"нинг иккинчи павильонида ташкил этиладиган “UzTextileExpo – 2021” намойиши жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон тўқимачилик ва  тикувчилик саноати халқаро кўргазмаси доирасида бўлиб ўтади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА