Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида “Тўқимачилик ва мода саноати – UzTextile Expo Spring 2023” халқаро кўргазмасининг биринчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Кўргазма очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда сўз олганлар маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар учун ушбу майдон қулай имконият бўлиши баробарида мамлакатимиз тўқимачилик ва тикувчилик саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири бўлиб, халқаро технологиялар ва сифат стандартларини жорий этишда етакчилик қилаётганини таъкидлади.
Жорий йилнинг 29-31 май кунлари Тошкент тўқимачилик ҳафталиги доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилади. Хусусан, бугун ўз ишини бошлаган кўргазма, “Ўзбекистон – янги хавфсизлик, сифат ва мувофиқлик маркази” мавзусида брифинг, ХМТ билан ҳамкорликда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси қўшма форуми, соҳадаги сўнгги тенденциялар ва янгиликлар бўйича тренинглар, бизнес ва пресс-турлар, шунингдек, В2В учрашувлар ушбу дастурдан ўрин олган.
"Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг қайд этишича, ушбу компания йил давомида деярли барча соҳалар бўйича халқаро кўргазмаларни уюштириб келади. Бу каби кўргазмалар маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар фаолиятида муҳим аҳамият касб этиб, уларнинг ўз бизнесини ривожлантиришда катта туртки бўлади.
– Шу ўринда айтиш керакки, “Тўқимачилик ва мода саноати – UzTextile Expo Spring 2023” халқаро кўргазмаси ўзининг олтинчи бор намойишини бошлади. У "Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳузуридаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинг агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб ушбу кўргазма йилига икки маротаба ўтказиладиган бўлди. Негаки, мамлакатимизда айнан шу йўналиш энг жадал ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Муҳими, бугунги кунда тўқимачилик соҳаси экспортга йўналтирилган саноатга айланиб, йил сайин чет элга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини оширмоқда. Мамлакат 2021 йилда GSP+ преференция дастуридан бенефициар мақомини олган ҳолда Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни фаол равишда оширишни бошлади. Жорий йилда Ўзбекистон экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни ва 76 та янги лойиҳани амалга оширишни, шунингдек, 26 мингта янги иш ўрни яратишни режалаштирмоқда, –деди Н.Ҳайитбоева.
[gallery-12094]
Айнан шундай замонавий талаб ва ўзгаришларни ўзида қамраб олган “UzTextile Expo Spring 2023"нинг ўтган йилги кузги намойишида 120 га яқин компания иштирок этган бўлса, бу гал у ўз майдонига 10 мамлакатдан 160 та компания ва брендларни чорлади.
Масалан, бу йил илк бор Германия миллий павильони ташкил этилди. Унда иштирокчи компаниялар барча турдаги тўқимачилик маҳсулотларини синовдан ўтказиш, сертификатлаш ва тадқиқ қилиш, полимерларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича хизматларни, шунингдек, бутун дунёда “Made in Germany” бренди остидаги маҳсулотларни намойиш этмоқда.
– Ушбу кўргазмада иштирок этиш биз учун катта имконият бўлди. Шу сабабли, биз шу йўналишда Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Ўзбекистонда тўқимачилик тизимида жуда катта ишлар амалга оширилган. Қолаверса, Ўзбекистон пахтаси дунёда машҳур. Юртингизда етиштириладиган пахтанинг сифати юқорилигини биз яхши биламиз ва уни ишлатиб келамиз. Уюшма текстиль соҳасида бу намойишга биринчи бор қатнашмоқда, лекин технологияларимиз аввал тақдим этилган. Фаолиятимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, “Gesamtmashe” Германия саноат тармоғи уюшмаси миллий ва халқаро даражада трикотаж, ички кийим ва трикотаж мато ишлаб чиқарувчи немис ишлаб чиқарувчилари манфаатларини ифодалайди, – деди мазкур уюшма вакили Сильвия Юнгбауэр.
Шунингдек, кўргазмада Ҳиндистондан 14 компания, Хитойдан 49 компания ва Туркиядан 15 компания стендларидан уй тўқимачилик, тайёр кийим, ички кийим, газламалар, трикотаж мато ҳамда тўқимачилик аксессуарлари жой олган.
Аҳамиятлиси, “Osborn Textile”, “Ideal”, “Samarkand Apparel”, “Saff Textile”, “Zelal Tekstil” каби мамлакатимизнинг 60 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилари маҳаллий ва хорижий харидорлар учун юқори сифатли тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларини ҳавола этмоқда.
– “Quva tekstil” “UzCotton Group” таркибидаги компаниядир, – деди компаниянинг сотув бўлими менежери Шаҳбозхон Саидкомилов. – 2000 йилдан компаниямиз фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда дастлаб фақат калава ип ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда ҳукуматимиз топшириғига асосан тайёр маҳсулотлар, яъни, сочиқ, кийим-кечаклар ҳам тайёрланмоқда. 1 минг 500 нафардан ишчи-ходимга эга компаниянинг асосий мақсади калава ип экспортини камайтириш ва тайёр маҳсулотлар эскпортини оширишдир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири