Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Uzсard ва Humo терминаллари тизими биринчи чорак охиригача интеграция қилинади (+видео)
23:15 / 2024-01-25

Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб, асосий ставка даражаси ўзгаришсиз қолдирилгани қайд этилди. Прогнозларга кўра, инфляция йил якунида 8-9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 

Қайд этилишича, шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган. Умумий инфляция сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолди. Истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашди. Бу эса, келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади. Умуман олганда, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг юзага келиши ва сақланиб қолаётгани, юқори талаб шароитларига айрим таклиф компонентларининг тўлиқ мослаша олмаётгани билан изоҳланади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Zqijs6XXuN8" title="Uzsard va Humo terminallari tizimi birinchi chorak oxirigacha integratsiya qilinadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори ижобий реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг ўсувчи динамикаси сақланиб қолиши кутилмоқда. Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8-9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Жорий йилда макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади. 

Шунингдек, анжуманда қайд этилишича, ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бир томондан, истеъмол талаби бўлса, иккинчи томондан, таркибий ислоҳотлар таъсирида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳажмининг ошиши бўлади. 

Марказий банк масъулларига журналистлар томонидан валюта курси, банк ва кредитга оид саволлар берилди. 

Жумладан, Uzсard ва Humo терминаллари тизими қачон интеграция қилинади, дея савол берилди. 

– Uzсard ва Humo терминаллари тизими биринчи чорак охиригача интеграция қилинади. Ҳозирда “Трастбанк”, “Инфинбанк” ва “Апексбанк”да тест режимида ишга туширилди, – деди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев. 

Шаҳноза Маматуропова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), Дониёр Якубов (видео), ЎзА