Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсутдиновга Марказий Осиё илм, маданият ва санъат халқ академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги) унвони топширилди.
Профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг илм-фан, маданият, маънавият, турли давлатлар ўртасида илм-фан алоқаларини ривожлантириш йўлида олиб бораётган самарали фаолияти эътироф этилиб, Марказий Осиё илм, маданият ва санъат халқ академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги) унвонига муносиб кўрилди.

Рустамбек Шамсутдинов деярли 60 йилдан буён илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб келади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ҳодими, "Меҳнат шуҳрати" ордени, шунингдек, “Маънавият фидойиси” ҳамда мамлакатимизда таъсис этилган жуда кўп нишонлар билан тақдирланган.
Профессор Рустамбек Шамсутдинов нафақат тарихчи олим, тажрибали педагог балки маънавият, маданият соҳасининг фидойиси, ҳомийси сифатида ҳам кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат қозонган. Домланинг ташаббуси билан Андижон давлат университетидагина эмас, вилоятдаги бошқа олийгоҳларда, таълим муассасаларида кўплаб маданий, маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик учрашувлари доимий равишда ўтказиб келинади. Айниқса, ёш олимлар, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий-салоҳиятини юзага чиқариш, илмий-тадқиқот ишлари, китобларини чоп эттириш борасида домланинг ташаббускорлиги алоҳида эътирофга сазовор.
Домланинг собиқ совет ҳукмронлигининг қатағон қурбонлари даври сиёсати, Марказий Осиё халқларининг қатағон қурбони бўлган минглаб аҳолисининг аянчли тақдири ҳақидаги ўнлаб китоблари нафақат ўша даврни ўрганиш учун муҳим манба, балки тариихий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё илм, маданият ва санъат халқ академияси қароргоҳи Тожикистон республикасининг Хўжанд шаҳрида жойлашган. Академия 1987 йил март ойида ташкил этилган. Академиянинг асосчиси ва биринчи президенти таниқли олим, қоракӯл барра териси ва қарокӯлчилик назарияси илмининг мутахассиси, биология фанлари доктори, Абурайҳон Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати Маҳмуд Зокиров (1926-2008) бўлган. Ушбу йирик олим 1956-1959 йиллар давомида Самарқанддаги Ӯзбекистон чорвачилик институтининг қӯйчилик ва эчкичилик бӯлими мудири, 1959-1992 йилларда Бутуниттифоқ қоракӯлчилик илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири ва бӯлим бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.
Академияга сайланганлар махсус академик дипломи, академиклик шаҳодатномаси ва академиклик кӯкрак-нишони билан тақдирланади. Академияда фахрий аъзолар, ҳақиқий аъзолар (академиклар) ва мухбир аъзолиги ва фахрий академикликка умумжаҳон аҳамиятига эга бӯлган илмий тадқиқотлар яратган, халқаро миқёсда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, шунингдек, жумҳуриятлараро дӯстлик ва ҳамкорлик ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимлар, буюк шахслар ва сиёсий арбоблар қабул қилинади. Чунончи, 1997 йил Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Ӯзбекистон, Қозоғистон, Туркаманистон ва Қирғизистон Республикалари биринчи Президенлари Ислом Каримов, Нурсултон Назарбоев, Сапармурод Ниёзов ва Асқар Акаевлар академиянинг фахрий аъзолари этиб сайланган.
Профессор Рустамбек Шамсиддиновга Марказий Осиё илм, маданият ва санъат халқ академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги) унвони топширишга бағишланган тадбирда сўз олган Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев, Марказий Осиё илм, маданият ва санъат халқ академияси Президиуми котиби, тарих фанлари номзоди Жӯрабек Исомитдинов ва бошқалар томонидан Ӯзбекистонда, қолаверса, бутун Марказий Осиёда кўзга кўринган тарихчи олим, совет даврининг қатағон сиёсати ва унинг аянчли оқибатларини ўрганган йирик тадқиқотчи, Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, “Водийнома” илмий журнали бош муҳаррири, “Мерос” илмий-амалий халқаро экспедиция жамоат фонди раҳбари сифатида самарали фаолият олиб бораётган олим Рустамбек Шамсутдиновни Марказий Осиё илм, маданият ва санъат халқ академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги) сифатида ҳам Марказий Осиё тарих фани ва маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшиши алоҳида эътироф этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА