Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узоқ ва яқин тарихни сақловчи бебаҳо хазина (+видео)
20:22 / 2022-05-18

Ҳар қандай давлат тараққиёт сари интилар экан, доимо тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ва қадимий ёдгорликларини қадрлаб боради. Айниқса, бу борада музейларнинг ўрни беқиёсдир. Йиллар давомида бойиб, тўлиб бораверадиган бу хазина фақатгина маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмай, узоқ тарих саҳифаларидан сўзловчи бебаҳо китоб ҳамдир.

1977 йилнинг 18 – май куни Халқаро музейлар кенгаши томонидан таъсис этилган байрам эндиликда дунёнинг бир юз элликдан ортиқ давлатида кенг нишонланмоқда. Халқаро музейлар куни қайси бир мамлакатда дам олиш сифатида нишонланса, бошқа давлатларда турли тадбирлар доирасида байрам қилинади.  

Айнан 18 май куни юртимиздаги барча музейларнинг томошабинларга бепул хизмат кўрсатиши, махсус кўргазмалар ва театрлаштирилган томошаларнинг юксак савияда ташкил этилиши эса байрам шукуҳини оширибгина қолмай, ёшу кекса томошабинларга бир олам завқу шавқ ҳадя этди.

Ҳар бир музей ўзининг йўналиши, экспонатлари билан ўзига хос. Хусусан,  Ўзбекистон тарихи давлат музейида халқимизнинг мустақилликкача ва ундан кейинги даврини томоша қилиб ҳаяжонга тушасиз.  

Музейлар куни муносабати билан Юқори Чирчиқ туманидаги 29-умумтаълим мактаби ўқитувчилари Дилдора Толибоева ҳамда Роза Шимкентбоевалар 50 нафар ўқувчини Ўзбекистон тарихи давлат музейига  экскурсияга олиб келишди.

— Ушбу музейда менга кўпроқ кўргазмалар залидаги Малик Набиев ижодига мансуб суратлар жуда ёқди, —дейди тарих фани ўқитувчиси Роза Шимкентбоева. — Деворда осилган суратларнинг деярли барчаси тарихий шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ. Мисол учун, «Тўхтамишхон устидан ғалаба» деб номланган суратда Амир Темурнинг Чингизхон авлоди бўлмиш Тўхтамишхон билан жангдан кейинги ғалаба нашидаси акс этган.

«Амир Темур ҳузуридаги элчи» номли суратда Испан элчиси Клавихо билан Амир Темурнинг учрашуви акс этган. Клавихо ўзининг тарих ҳақида ёзган асарларида Амир Темурнинг жасорати ҳақида кўплаб фикрларини, хотираларини ёзиб қолдирган.  

Музейнинг иккинчи қаватида эса мактаб ўқувчиларни учратдик.

— Биз Миробод туманидаги 213-мактабдан келдик, —дейди 8 синф ўқувчиси Меҳрибон Абдуҳайимова. — Ота-онамизни биз билан музейга келишга вақтлари йўқ, иш билан машғул.  Бугунги экскурсияга мактабимиз тарғиботчиси Хонбиби Ҳиммат қизи бизларни олиб келди. Музейда менга кўпроқ ибтидоий одамлар яшаган муҳит акс этган экспонатлар, сопол идишлар, қадимги тангачалар ҳамда ажойиб динозаврлар макети ёқди.  

Шунингдек мазкур музейга пойтахтимиздаги  кўплаб университетларнинг талабалари, ўқитувчилар, ижодкорлар ташриф буюрганига гувоҳ бўлдик. Музей ходимлари учун  байрам яна бир муваффақият олиб келди. Яъни  Бошқирдистон музейи билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/J1S87RjBLm0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА