Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узоқ умр кўришнинг сири
12:36 / 2026-02-20

Сирдарё туманининг Қуёш маҳалласида истиқомат қилаётган Раҳмонқул ота Бойқораев бу йил 103 баҳорни қарши олди. Бир асрдан зиёд умрни ортда қолдирган бу инсон бутун ҳаёти давомида колхозда оддий ишчи, сувчи бўлиб меҳнат қилди. Унинг ҳаёт йўли — сабр, матонат ва ҳалол меҳнат билан йўғрилган ибрат мактаби десак муболаға бўлмайди.

Раҳмонқул ота ҳаётнинг энг оғир, синовли йилларини ҳам бошидан кечирган. Қаҳатчилик ва очарчилик даврларига гувоҳ бўлган. Урушдан кейинги танглик, қаҳратон қишлар, жазирама ёзлар — буларнинг барчаси унинг хотираларида муҳрланиб қолган.

–  Болам, бугунги фаровон кунларга етиб келиш осон бўлмаган, –  дейди ота хотираларга чўмиб. –  Уч ўғил, уч қизни вояга етказиш учун саратоннинг иссиғида ҳам, қишнинг чилласида ҳам даладан қайтмадим. Эгат оралаб сув тараганларим, ер унумдор бўлсин деб қаҳратонда яхоб суви қўйганларим кечагидек ёдимда. Шукур, меҳнатим зое кетмади.

Бугун Раҳмонқул ота 60 га яқин набира ва чеваралар ардоғида. Катта фарзанди ҳам 75 ёшдан, энг кичик фарзанди эса 62 ёшдан  ошган. Куни кеча Сирдарё туманидаги “Баҳор” сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, профессор Равшанбек Маҳмудов ҳамда бир гуруҳ фаоллар нуроний Раҳмонқул отани йўқлаб бориб, ҳол-аҳвол сўрашди.

–  Асли Ғаллаоролликмиз, –  дея сўз бошлайди ота. –  Мирзачўлни ўзлаштириш йилларида бу ерга кўчиб келганмиз. У пайтларда ҳозиргидек ободлик йўқ эди. Эрта баҳор чигит қадаб, кеч кузда ерни ҳайдаб, яхоб берардик. Қуёш маҳалласида аҳоли ҳам саноқли эди. Бугун эса қаерга қараманг, замонавий уйлар, файзли кўчалар.

Ҳақиқатан ҳам, бугун Қуёш маҳалласи мутлақо янги қиёфа касб этган. Қарийб 8,5 минг аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада томорқа ва иссиқхоначилик яхши йўлга қўйилган. “Бир кўча — бир маҳсулот” тамойили асосида помидор, болгар қалампири, бодринг, саримсоқпиёз, шивит ва кашнич каби маҳсулотлар етиштирилмоқда. Энг муҳими, аҳоли ердан йил давомида уч марта ҳосил олмоқда.

Маҳалланинг Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашгани ҳам тадбиркорлик учун қулай имконият яратган. Етиштирилаётган маҳсулотлар қўшни давлат бозорларига, шу жумладан Россияга экспорт қилинмоқда. Натижада маҳаллада ишсиз ёки даромадсиз оилалар деярли учрамайди. Дастурхонлар тўкин, рўзғорлар бут.

–  Илгари ерга муносабат бошқача эди, –  дейди Раҳмонқул ота. –  Мустақилликдан кейин одамлар бир парча ернинг қадрини англади. Ерга меҳр берган даромад кўрди. Бугун фарзандларимиз болаларини ўқитиб, уйли-жойли қилиб, жамиятга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбияламоқда.

Суҳбат сўнггида нуронийдан узоқ умр кўришнинг сири ҳақида сўралди.

–  Сири оддий, –  дея табассум қилади ота. –  Ҳалол меҳнат қилиш ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш. Кўнгилни пок тутсанг, ризқ ҳам, умр ҳам баракали бўлади.

Қайтиш чоғида Раҳмонқул ота юрт тинчлиги, эл осойишталиги, дастурхонлар тўкинлиги учун дуо қилди. Бир асрдан зиёд умр кўраётган бу инсоннинг ҳаёти ва ҳаётий хулосалари ёш авлод учун беқиёс ибрат мактабидир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири