Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узоқ қишлоқларга ҳам суюлтирилган газ етказиб берилмоқда
01:50 / 2024-02-20

Хатирчи тумани Навоий вилоятида аҳолиси энг кўп ҳудуд саналади. Аҳолисининг 30 минг нафардан ортиқроғи маиший газ баллонлардан фойдаланади.

Туман марказидан 1-1,5 соатлик масофа олисда жойлашган тоғли ҳудудлардан бири Ангидон маҳалласи аҳолиси ҳам суюлтирилган газдан фойдаланиб келади. Очиғи тоғ ён бағрида жойлашган бу маҳаллага қишнинг совуқ кунларида маиший газ баллон етказишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор.  

Шунга қарамай, “Хатирчитумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари ангидонликларга ҳам ўз вақтида маиший газ баллонларни етказиб бермоқда.  

Ёмғирли кунда “газчи”лар Ангидонга қараб йўл олишди. Эрталабдан бошланган ёмғир янада кучаяди. Ҳаво қалин булут, машина ойнасига урилаётган ёмғир томчилари ҳали- бери тўхтайдиганга ўхшамайди. Узоқ йўлда соябон кўтарган аёл кўринади. Озроқ юрилгач эса оддий қурилган ҳовли уйларга кўзингиз тушади. Манзилга яқинлашган сари ёғаётган ёмғир қорга айланади. Қор гупуллаб ёғмоқда. Қор барака. Қорнинг кўп ёғиши ёзда сувнинг мўл бўлишидан дарак. Ҳадемай қишлоқда истеъмолчиларга маиший газ баллон тарқатилиши керак. Қор эса тинай демайди. Ҳаво совиб бормоқда.  

“Довон ёпилди, қор анча қалин, юриш хавфли, ортга қайтинглар”, - дейди қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган енгил машина ҳайдовчиси.  

Ангидон - тоғли ҳудуд. Бу ер чиройли манзараси, қиру адирлари, пурвиқор тоғлари сабаб сайёҳлар эътиборини тортади. Шунинг учун ҳам бу ҳудуд туризм маҳаллалари рўйхатига киритилган. Баҳор ва ёзда бу ерда бетакрор манзараларни кўриш мумкин. Аммо қишда довон орқали юрилиши сабаб ҳам гоҳида Ангидонга машинада боришда анча қийинчиликларга дуч келинади.  

– Ангидон маҳалласида 412 та истеъмолчи мавжуд, – дейди “Хатирчитумангаз” газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Азим Ҳамдамов. – Қишлоқ туманнинг энг чекка ҳудудига киради. Қишнинг қор-қировли, изғирин кунларида бу ерда юришнинг ўзи бўлмайди. Қалин қор ёққан кунларида маҳалла раиси билан қўнғироқлашамиз. Ҳолатга ойдинлик киритган ҳолда газ баллон тарқатишга йўлга чиқилади. Довон ёпилганда эса бир-икки кун вазият яхшиланишини кутамиз, бошқа иложимиз ҳам йўқ. Буни маҳалла аҳли ҳам тушунади.    

Маиший газ баллон ортилган транспорт ҳайдовчиларига ҳам осон эмаслигини шундай қорли кунларда яна бир карра кўпроқ ҳис қилиш мумкин.    

– Қорли кунларда тоғ бағрида жойлашган маҳаллаларга газ баллон тарқатиш бироз қийин, – дейди маиший газ баллон ортилган “ISUZU” ҳайдовчиси Жасур Ҳайитмуродов. – Баъзан йўлда машинада носозлик бўлиб қолади, уни тузатиб яна йўлда давом этамиз. Гоҳида довон ёпилади, яна кутамиз. Ишимни яхши кўраман, қийинчиликлар бўлсада, баъзан шунақа совуқ кунларда ҳам аҳоли хонадонларига маиший газ баллон етказиб беришда ҳиссамиз борлигини ўйласам, хурсанд бўламан.  

Ҳа, туман газ таъминоти бўлими ходимлари қишнинг аёзли кунларида ҳам ўзларига берилган вазифани масъулият билан бажарадилар. Қишнинг изғирин кунларида маиший газ баллонлар орқали чой қайнатиб, овқат пишираётган ангидонликлар ҳам газчилардан миннатдор.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири