Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли учун тиббий ташкил этилди. 800 нафардан зиёд фуқаро қамраб олинган тиббий кўрик Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров раҳбарлигидаги юқори малакали шифокорлар томонидан ўтказилди.
– 34 нафар беморда имтиёзли тартибда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилади, – дейди Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Элёр Олтиев. – Шунингдек, туманда туғма юрак нуқсони билан 132 нафар вояга етмаган бола 3 кун мобайнида республика Болалар миллий марказидан келган профессор-доцентлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб қилинди. Уларнинг 25 нафари тўлиқ тузалганлиги аниқланиб, тиббий назоратдан чиқарилди. Эътиборли жиҳати, туманда бу тоифадаги боланинг 3 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Болаларда учраётган бу каби туғма касалликка даво излаган ота-она борки, тиббиёти ривожланган хорижий давлатлардан нажот излаб келгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо эндиликда юртимизда ҳам юқори малакали шифокорлар томонидан шундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилаётганидан кўпчилик бехабар.
Масалан, биргина Қоракўлда ўтказилган ушбу тиббий кўрик натижасида “Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 2006 йилда туғилган Ширина Шамсиқулова, “Жиғачи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган, 2018 йилда туғилган Шерзод Жўраев, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 7 ёшли Шахобиддин Азаматовда худди шундай жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.

– Бунда аввало Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Болалар Миллий тиббиёт маркази директори Алишер Шарипов, Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов, Тошкент давлат Педиатрия тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Абдумалик Жалиловлар иштирокида операцияга тайёрланган болаларда электрокардиография эшитуви – юрак ритми ўзгарувчанлиги ўрганилди, – дейди Элёр Олтиев. – Пухта тайёргарликдан сўнг туғма нуқсони бўлган бу болалар жарроҳлик амалиётига олиб кирилди. Бугун уларнинг соғлиғи жуда яхши. Уч-тўрт кунлик парваришдан сўнг уларга рухсат берилади ва маҳаллий шифокор назоратида бўлади.

Умуман, айни кунда туманда юрак нуқсони билан туғилган жами 19 нафар болада мураккаб жарроҳлик амалиёти юқори технологик шароитда амалга ошириш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА