French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узоқ кутилган фильм премьераси бўлиб ўтди
11:15 / 2022-06-02

Пойтахтимиздаги Киночилар уйида Акром Шаҳназаров режиссёрлигида суратга олинган “101 рейс” фильмининг премьераси ўтказилди.

Кинематография агентлиги ва “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган картина намойишига киношунос олимлар, кино ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди. Агентлик раҳбарияти ва киноижодкорлар картина суратга олиш ишларини машаққати ҳақида тўхталди. Тақдимотдан олдин картинада бош ролни ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслонов хотирасига бағишланган видеоролик намойиш этилди.  

Катта тақдимотда бош қаҳрамонни гавдалантирган прототип Ўзбекистон Қаҳрамони Зарифхўжа Саидазимов иштирок этди. Картина ҳақидаги фикрларини билдириб ўтар экан, киноижодкорларга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Ҳошим Арслонов иқтидорини алоҳида эътироф этди.

Фильмни суратга олиш ишлари ва овозлаштириш жараёнлари қарийб 4 йилдан зиёдроқ даврни қамраб олди. Томошабин ҳам картинани кўришга илҳақ эди. Шунинг учун ҳам халқ тилида “Панарама” номи билан машҳур бўлган маскан одамлар билан гавжум бўлди.  

Фильмда “Боинг 757” самолёти экипажи ва йўловчилари билан содир бўлган аҳамиятли кун ва воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. 2001 йил 11 сентябрь, эрта тонгда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг самолёти Тошкентдан ҳавога кўтарилди. Бу парвоз тажрибали учувчи Зариф Саидазимовнинг сўнгги, якунловчи парвози эди.  

“101-рейс” кинокартинаси мард қаҳрамонлар ҳамиша орамизда эканлигини исботловчи фильм бўлган. Унда нафақат самолёт экипажи, балки хавф-хатарга дуч келганда кучларини йиғиб, ўзларининг кучли хислатларини очиб бера оладиган оддий одамларнинг жасорати, улар ўз ишининг устаси эканлиги ва матонати акс эттирилган. 

Агентлик матбуот хизматининг маълумотига кўра, давлат раҳбари ташаббуси билан ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар доирасида, Қашқадарёда “101-рейс” фильмини илк намойиши бўлди.  

– Кинокартина Ҳошим Арслонов суратга тушган сўнгги фильм сифатида тарихда қолди, – дейди турмуш ўртоғи Мавлуда Арслонова. – Шунинг учун ҳам картина тақдимотини оилавий интизорлик билан кутдик. Ҳошим акам жуда тартибли инсон эди. Умра сафари олдидан фильмнинг овозлаштириш жараёнларини якунлаш учун, тинимсиз ишлади. Ортимда бирорта ишим чала қолиб кетмасин дерди. Актёрнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Турмуш ўртоғим билан 43 йил яшадик. Мана шу ўтган даврда тўрт нафар фарзандли бўлдик. Улар орасида отасининг йўлидан юрган давомчилари ҳам бор. Киноижодкорлар ўлмайди. Улар ижро этган ролларида яшайди. Мухлислари билан ижро этган роллари орқали дийдорлашади.  

Сценарий муаллифи ва режиссёр Акром Шаҳназаров, постановкачи оператор Дилмурод Турдибоев, рассом Алишер Тўлабоев, либослар бўйича рассом Шаҳноза Абдуллажонова. Картинада Ҳошим Арслонов, Умид Искандаров, Олег Галахов, Лола Элтоева, Эркин Бозоров, Хуршид Тўхтаев ва бошқалар роль ижро этган.  

Д.Маматова,  ЎзА