Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узоқ кутилган “Эл-классико”
10:50 / 2024-01-12

Футболда шундай тўқнашув борки, у оддий ўртоқлик учрашуви бўлса-да, интиқлик билан кутилади. Бу, шубҳасиз – “Эл-классико”. Дунё футбол ихлосмандларидан тортиб, мутахассисларнинг катта қизиқишига сабаб бўладиган “Реал” ва “Барселона” тўқнашуви доим эътибор марказида бўлади. Албатта, ҳар бир мамлакатнинг “классик” ўйинлари бор. Аммо улар орасидаги ҳеч бири “Реал” ва “Барселона” баҳсидек ўтмайди.

Қарийб юз йилдирки ушбу икки буюк клуб беллашуви миллионлаб футбол мухлислари қалбининг тўридан жой олиб келмоқда. 2024 йилнинг илк “Эл-классико”си 15 январь куни Испания Суперкубоги финали доирасида ўтказиладиган бўлди.  

Бугунги футбол шарҳимизнинг асосий қисми “Реал” ҳамда “Барселона” учрашувига қаратилади. Шарҳ давомида ўзбек футболи ҳақидаги маълумотларни ҳам эътиборингизга ҳавола қиламиз.  

Демак, Испания Суперкубоги ярим финалида "Реал Мадрид" – "Атлетико Мадрид" баҳси ўтказилди. Унда мухлислар жами 8 та гол кўришди. Ушбу ўйинда "қаймоқранглилар" рақибларини 5:3 ҳисобида таслим этди. “Мадрид дербиси” “King Saud University Stadium” стадионида ўтказилди. Унда “Атлетико Мадрид” сафида Эрмосо ҳисобни очган бўлса, орадан кўп ўтмай Рюдигер жавоб қайтарди. Менди эса ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди. Орадан кўп ўтмай Гризманн аниқ ҳаракатлари билан ҳисобнинг 2:2 бўлишини таъминлади. 78-дақиқада “Реал” футболчиси Рюдигер ўз дарвозасига тўп йўллади. Рақиб дарвозасига кетма-кет ҳужумлар уюштирган “Реал” 85-дақиқада ўз мақсадига етди. Карвахаль ҳисобни 3:3 кўринишга келтирди. Жамоалар қўшимча бўлимларга йўл олди. Унда “Атлетико” ўйинчиси Савич ҳам автогол муаллифи бўлди. Ўйиндаги сўнгги гол Диас томонидан киритилди.  

Гарчи Мадриднинг “Атлетико” клуби мағлубиятга учраган бўлса-да, жамоа ҳужумчиси Антуан Гризманн клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Франциялик футболчининг ушбу учрашувдаги голи клуб сафидаги 174-голга айланди ва 173 та тўп киритган Луис Арагонесни ортда қолдирди. Шу тариқа, "Реал" ажойиб ғалабани қўлга киритиб, финалга йўл олди.  

Испания Суперкубоги ярим финалидан ўрин олган “Барселона” – “Осасуна” учрашувида каталонияликлар қийинчиликсиз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг 59-дақиқасида Гюндоганнинг узатмасини Левандовски голга айлантирди. 90+3 дақиқада эса келажаги порлоқ дея эътироф этилаётган  футболчи Ямал орадаги фарқни иккитага ошириб қўйди.    

Мазкур натижалар Испания Суперкубоги финалида “Реал” ва  “Барселона” клублари тўқнаш келишига сабаб бўлди. Финал учрашуви жорий йил 14 январдан 15 январга ўтар кечаси бўлиб ўтади.  

Энди ушбу жамоалар ўртасидаги учрашувлар тарихига бир назар ташласак. Испания Суперкубоги доирасида жамоалар жами 14 маротаба тўқнаш келган. Мазкур баҳсларда “Реал” 8 маротаба ғалаба қозонган бўлса, 4 учрашувда “Барселона”нинг қўли баланд келган. Улар ўртасидаги икки учрашувда дуранг қайд этилган. Мазкур ўйинларнинг 7 таси мусобақанинг финал босқичига тўғри келади. Голлар нисбати эса мадридликлар фойдасига – 30/18. Каталонияликлар Суперкубокда жами 14 маротаба бош совринни қўлга киритган. Қироллик клуби эса ушбу совринга 12 марта сазовор бўлган.  

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўтган йилги Испания Суперкубоги финалида ҳам бу икки клуб бир-бирига қарши майдонга тушган ва унда Хави шогирдлари 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Сўнгги бор мухлислар 2023 йилнинг 28 октябрь куни мамлакат чемпионати доирасида “Барселона” ва “Реал” учрашувига гувоҳ бўлган. Мазкур баҳс Каталонияда бўлиб ўтган, унда мадридликлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозонган. 14 январь кунги “Эл-классико” Риёд шаҳридаги “Al – Awwal” стадионида ўтказилади.  

Энди Европа ва мамлакатимиз футболида содир бўлган бошқа воқеаларга эътибор қаратамиз.  

Италия кубогининг чорак финалидан ўрин олган барча учрашувлар якунланди. Шу тариқа, Италия кубогининг ярим финал жуфтликлари маълум бўлди. Унга кўра, “Фиорентина” – “Аталанта”, “Лацио” – “Ювентус” клублари финал босқичига чиқиш учун ўзаро рақобатлашади. Ушбу ўйинлар 4 апрель куни бўлиб ўтади. Мусобақа финали эса 15 майда ўтказилиши режалаштирилган.  

Хабарингиз бор, “Навбаҳор” жамоаси айни пайтда янги мавсумга тайёргарлик доирасида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Мазкур йиғин давомида Самвел Бабаян шогирдлари 4 та назорат-синов баҳсларини ўтказади. 

Жумладан, “лочинлар” 13 январь куни Қозоғистоннинг “Қизилжар” (Петропавловск), 17 январь санасида Жанубий Африканинг “Гэлакси”, 21 ва 27 январь кунлари эса Россиянинг “Ахмат” (Грозний) ҳамда “Спартак” (Варна) жамоаларига қарши майдонга тушади.  

Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси янги мавсум олдидан ўз тарикибига Латвия терма жамоаси дарвозабони Роберт Озолсни қўшиб олди.  

“CIES” тадқиқот нашри сўнгги 10 йил ичида академия футболчиларининг сотувидан энг кўп даромад олган клублар рейтингини тузиб чиқди. Унга кўра, сўнгги ўн йил ичида энг катта сотув Португалиянинг “Бенфика” жамоасида бўлган. Лиссабон жамоаси ярим миллиард евродан зиёдга академия футболчиларини пуллаган. Ундан кейинги ўринлардан “Аякс” (376 миллион евро) ва “Лион” (370 миллион евро) жой олган.  

Кейинги футбол шарҳимиз Осиё кубоги ва терма жамоамиз учрашувларига қаратилади. Шу билан бирга, футболга оид қизиқарли янгиликлар билан ҳам таништириб ўтамиз.  

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА