Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Узлуксиз ишлаётган штаблар
15:12 / 2023-01-11

Жиззах вилоятида ташкил этилган штабга бириктирилган мутахассислар томонидан қишни беталафот ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Президентимиз раислигида куни кеча ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизга кириб келган совуқ ҳаво таъсирини беталафот ўтказиш чораларига тўхталди.

Вилоят раҳбарлари олдига ҳар бир туман ва шаҳардаги аҳвол бўйича кунлик назорат ўрнатиб, жойлардаги муаммоларни тезкор бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳудудлардаги юзага келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган штаблар иш фаолияти узлуксизлиги таъминланган ва бу ишлар вилоят ҳокимлигининг қатъий назоратида.  

Жумладан, Шароф Рашидов туман ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар мутахассисларидан ташкил топган штаб аъзолари ва масъуллар ҳамкорлигида 1-сектордаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида кўмир маҳсулотларининг қўшимча захираси ташкил этилди.  

Табиий газ билан таъминланмаган ҚФЙ ва МФЙда ҳам бу борадаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилди. Хусусан, “Қулписар” МФЙда 3 тонна кўмир захираси яратилиб, кўмирга эҳтиёжи бўлган ва кам таъминланган оилаларга етказиб берилди.  

2-сектор ҳудудига қарашли “Ёйилма” МФЙ аҳолисининг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш, қулайлик яратиш мақсадида туман прокурори, 2-сектор раҳбари Мақсуд Сатторов ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маъруф Эргашев, штаб аъзолари аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олиб, ижроси қатъий назорат қилиб борилмоқда.

Шунингдек, штаб аъзолари томонидан суюлтирилган газдан фойдаланаётган “Самарқандқудуқ” МФЙ аҳолисига суюлтирилган газ баллонлари тўлалигича етказиб берилди.

Туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари, подполковник Акмал Муродов штаб аъзолари билан биргаликда “Уоб” ҳамда “Кўрпасой” қишлоқларидаги баъзи оилаларда суюлтирилган газ баллонларига эҳтиёж борлиги аниқланди ва етказиб берилди. Узоқ тоғли қишлоқлардаги 53 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказилди.  

Ноқулай об-ҳаво, совуқ, қалин қор ёғаётганига қарамай Ғаллаорол тумани электр таъминоти корхонаси ходимлари тармоқда содир бўлган носозликни аниқлаш ва созлаш ишларини якунлаб, “Тоғли Қоратош” фидерига кучланиш берилди ва аҳоли хонадонларига электр энергияси узатилиши таъминланди.

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, қор қалин ёққанлиги туфайли автомобиль йўлларида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида Ғаллаорол ТЙФ унитар корхонаси, туман ЙПХ ҳамда туман ФВБ ходимлари томонидан М-39 Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 1007-1037 километрларини қордан тозалаш ишларини қизғин давом эттирмоқда.

Ғаллаорол тумани ободонлаштириш ходимлари йўлларда музламаларни эритиш мақсадида йўлларга туз, қум ҳам сепяпти.

Совуқ туфайли юзага келган ноқулай об-ҳаво шароитида ҳайдовчилардан техник соз транспортда, қоидаларга риоя қилиб, оралиқ масофани сақлаган ҳолда тезлик меъёрини оширмасдан ҳаракатланиш, шахсий машиналаридан имкон қадар фойдаланмаслик тавсия этилмоқда.

Ғаллаорол туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзоларига эрталабки йўриқнома ўтказилиб, Ғафур Ғулом МФЙ ҳудудига тақсимланди. Асосий мақсад, куз-қиш мавсумида ис гази ҳамда ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдир.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА