Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳужжатли фильмлар савияси ёмон аҳволда эмас, аммо...
14:52 / 2019-11-22

“Ўзбеккино” миллий агентлигида ўзбек ҳужжатли фильмлари таҳлили ва муаммоларига бағишланган “Ҳужжатли фильм – давр кўзгуси“ номли ижодий конференция ўтказилди.Тадбирда санъатшунос олимлар, режиссёрлар, мутахассислар, ёш ижодкорлар ва кино ихлосмандлари иштирок этди.


“Ўзбеккино” миллий агентлигида ўзбек ҳужжатли фильмлари таҳлили ва муаммоларига бағишланган “Ҳужжатли фильм – давр кўзгуси“ номли ижодий конференция ўтказилди.Тадбирда санъатшунос олимлар, режиссёрлар, мутахассислар, ёш ижодкорлар ва кино ихлосмандлари иштирок этди. 

“Ўзбеккино“ миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси“ ДУК директори Баҳодир Одилов ва бошқалар ҳужжатли фильм ишлаш машаққати, соҳада дуч келинаётган муаммолар, қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида гапирди. Бугунги кунда сифатли, мазмунли ва томошабин учун зарур ҳужжатли фильм ишлаш муҳим вазифа экани таъкидланди. 

– Ҳужжатли фильмнинг мақомини кўтариш керак. Киночилик тарихига эътибор қаратсак, кино санъати ҳужжатли фильмлар яратилиши билан бошланган. Наби Раҳимов “Лотинлаштириш“ фильми орқали ўз ижодига фундамент яратган. Ўша пайтдаги Худойберган Девоновнинг кинога ташриф қоғозлари ҳозиргилардан чиройли ва мукаммал. Шунинг учун Девоновнинг ҳар бир кадри биз учун қадрли, – деди киношунос Ҳамидулла Акбаров. – Ҳужжатли фильмнинг аҳамиятини бадиий фильмдан қуйи баҳолаб бўлмайди. Кино айни пайтда интеграция жараёнида. Кейинги пайтларда жанрлар бир-бирига аралашиб кетяпти. Айниқса, телекўрсатувлар ҳужжатли фильмлар билан бир хил бўлиб қоляпти. Бу бўйича ҳам жиддий бош қотириш лозим. Кино тасвирий санъатнинг давоми, унда визуал ифода муҳим. 

photo5384532321140583742.jpg

– Бизда ҳужжатли фильмлар савияси ёмон аҳволда эмас. Аммо замон шиддат билан ривожланар, тараққиёт олдинга томон одимлар экан, бундан ҳам яхши фильмлар ишлашга эҳтиёж туғилади. Ҳужжатли фильмларда бадиий фильмлардан фарқли тарзда дистрибютерлик тизими яхши ривожланмаган. Шунинг учун халқимиз ҳужжатли фильмлардан етарлича хабардор эмас, – деди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчиси Сардор Маҳмудов. – Чет эл тажрибасини ўрганишимиз анча фойдали бўлади. Улардаги ғоя, сюжетни “copy-paste”қилиш эмас, аксинча, чет эл документалистлари қандай қилиб томошабинларни қизиқтира олаётганини ўрганиш керак. Ҳужжатли фильмларга бағишланган махсус сайт, Youtube тармоғида канал очиш керак. Ушбу каналда алоҳида бастакор хизматига эҳтиёж туғилади. Чунки ҳужжатли фильмнинг мусиқаси ҳам янги бўлиши керак. Энг муҳими, ҳужжатли фильмлар халқчил тилда бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. 

Тадбирда ёш режиссёрлар, мутахассислар соҳада дуч келаётган муаммолари ҳақида гапирди. Ҳужжатли фильм яратиш механизмини шакллантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Салмоқдор ҳужжатли фильмларни кенг оммага тақдим этиш, уни асл томошабин ҳукмига тез ва осон етказиш шакллари муҳокама этилди. Ҳужжатли фильмлар тарихи ва бугуни ҳақида видеоролик намойиш этилди.