IT соҳаси кундан-кунга янги ғоя ва имкониятлар билан бойиб борар экан, сунъий интеллект ҳақидаги мунозаралар ҳам тобора кенгаймоқда. Бугун бу технология фақат дастурчилар ёки муҳандислар учунгина эмас, балки таълим, иқтисодиёт ва кундалик ҳаётда ҳам муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Шу мақсадда UzGeeks Community ўзининг навбатдаги учрашувини AI мавзусига бағишлаб, турли соҳалар вакилларини бир майдонга жамлади. Тадбирда асосий эътибор сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, шунингдек, ушбу технологиянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва истиқболлари масалаларига қаратилди.

Учрашувда турли йўналишларда фаолият юритаётган мутахассислар сунъий интеллект борасидаги ўз қарашлари ва тажрибаларини ўртоқлашдилар. Спикерлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар, дастурлаш амалиётлари, ўқитиш алгоритмлари ҳамда сунъий интеллектнинг жамиятдаги қабул қилиниши, қўрқув ва оптимистик қарашлар каби мавзуларда фикрлар билдирилди.
UzGeeks Community – бу Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган дастурчи ва IT мутахассисларини бирлаштирувчи очиқ ҳамжамият. Ҳамжамиятнинг асосий мақсади IT соҳаси бўйича билим ва тажрибаларни кенг жамоатчилик билан бўлишиш, янги технологияларни ўрганиш, назарий билимларнинг амалиётда қўлланилишини кўрсатиш ҳамда сифатли ўзбекча IT ресурсларни яратиш ва ривожлантиришдан иборат.

Ҳамжамият фаолияти доирасида охирги ўн йилдан бери ҳар ойда мунтазам тарзда очиқ учрашувлар ташкил этиб келинади. Ушбу учрашувлар бепул бўлиб, исталган киши спикер сифатида тақдимот қилиши ёки тингловчи сифатида қатнашиши мумкин. Тадбирлар ижтимоий тармоқлар орқали онлайн тарзда ҳам транслация қилинади, бу эса янада кенг аудиторияни қамраб олиш имконини бермоқда.
Сўнгги икки йил давомида UzGeeks ҳамжамияти Рақамли таълимни ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда қарийб 16 та учрашув ўтказди. Ушбу тадбирларнинг умумий аудиторияси тахминан 10 минг нафардан ортиқ иштирокчиларни ташкил этган.

Навбатдаги учрашув ҳам сунъий интеллект мавзусига қаратилгани сабабли, унда IT соҳаси вакилларидан тортиб талабалар, ёш дастурчилар ва қизиққан аудитория вакилларигача бўлган кенг доира иштирок этди. Спикерлар ўз нутқларида нафақат техник жиҳатларга, балки келажакда AI технологияларининг таълим, иқтисодиёт ва кундалик ҳаётдаги ролига ҳам тўхталиб ўтдилар.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА